Покистон: ўз дронимиз билан жангариларни ўлдирдик

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Ҳозирча Покистон дрони қандай кўринишда экани жамоатчиликка ошкор қилингани йўқ.

Покистон ҳарбийлари хабар тарқатишича, мамлакатнинг Афғонистон чегарасига яқин Шимолий Вазиристонида илк бор Покистоннинг ўзида ишлаб чиқарилган учувчисиз бошқариладиган учоғи билан ҳужум уюштириб уч жангарини ўлдирган.

Биринчи бўлиб бу ҳақда Покистон армиясининг расмий сўзчиси генерал-майор Осим Бажва Твиттердаги саҳифасида хабар қилган.

"Бугун биринчи марта Покистонда ишлаб чиқарилган "Буроқ" дронидан фойдаланилди. Шоал водийсидаги террорчиларнинг жамлоғида 3 юқори мақомдаги терорчи йўқ қилинди. Тафсилоти давомида", деб ёзган Покистон армияси воизи.

Покистон армияси "Буроқ" деб номлаган дронни қўлга киритгани ҳақида 2015 йил март ойида хабар тарқатган эди.

Бу дроннинг лазер нури билан бошқарилиши айтилганди.

Исломий адабиётларда Буроқ шундай таърифланади:

Араб тилидан "ярқироқ", "ёрқин нурли" маъноларини англатиб, ўзаги "барқ". Ислом динида жуда тез чопадиган ва учадиган, гоҳ от, гоҳ хачир шаклида ифодаланган махлуқнинг номи. Қуръони Каримда зикр қилинишича, Муҳаммад Пайғамбар (САВ) Буроқни миниб Макка шаҳридан "тунги сайр"да дастлаб Куддуси Шарифга, сўнгра Меърожга чиққанлар. Буроқ рангли, бўйни чўзиқ, қулоқлари узун, оёкларида қаноти бўлган, деб таърифланган.

АҚШ етакчилигидаги халқаро коалициянинг Афғонистондаги аксилтеррор амалиётлари деб аталган амалиётлар пайти АҚШ ҳарбийлари Покистон ҳудудида кўплаб дрон ҳужумларини уюштирди.

Покистон АҚШнинг бу ҳужумларига ўз норозилигини билдириб келган.

Кўпинча Шимолий Вазиристондаги жангарилар бу ҳужумларда нишонга олинган, бироқ кўплаб тинч аҳоли ҳам ҳалок бўлган.

Дрон ҳужумлари Ўзбекистон Исломий ҳаракатига жиддий зарба етказган.

Ҳаракат асосчиси Тоҳир Йўлдош, ундан кейин раҳбарликни қўлга олган Тоҳир Йўлдошнинг куёви Одил Усмон ва ҳаракатнинг бошқа кўплаб етакчилари Америка дрон ҳужумларида ўлдирилганлар, деб ишонилади.

АҚШ дрон ҳужумларига қаршилик қилган Покистон Америкадан ўз дронини ишлаб чиқишда технология билан ёрдам беришни сўраб келган.

Аммо Америка томони бу сўровни рад этиб келган.

Покистон шу пайтгача ракета кўтара оладиган эмас, кузатув қобилиятига эга дронлардан кўп фойдаланиб келаётган эди.

Бироқ жанговор қобилиятга эга дрон ҳақида биринчи марта хабар тарқатилмоқда ва унинг имкониятлари ҳақида маълумот берилмаган.

Таҳлилчиларга кўра, Покистон ўзининг иттифоқчиси Хитойдан бу борада кўмак олган бўлиши мумкин.

Покистон рақиби ҳисобланадиган Ҳиндистон ўз дрон дастурига эга.

Мухбирларнинг хабар қилишларича, Шимолий Вазиристондаги Шоал водийси Покистон армияси махсус амалиётларни бошлаган 2014 йил июнидан буён қақшатқич жанглар саҳнасига айланган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ