Олмония дам олиш кунларида яна 40 минг муҳожир келишини кутаяпти

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Олмония расмийлари келгуси икки кун ичида 40 минг муҳожир мамлакатга келиши мумкинлигини билдирди. Бу ўтган дам олиш кунларида Олмонияга келган муҳожирлар сонидан икки баравар кўпдир.

Уларнинг аксари Олмония жанубидаги Мюнхен шаҳрига келишлари кутилар экан, мазкур ҳудуд бу каби катта оқимга қандай дош бериши борасида ҳавотирлар юзага келган.

Муҳожирларни кутиб олиш ва жойлаштиришга мамлакат бўйлаб 4 минг аскар сафарбар қилинган.

Олмония Оврўпо Иттифоқининг муҳожирларни қабул қилиш борасидаги қонун-қоидаларидан воз кечгач, бу мамлакат Суриялик қочқинлар учун энг асосий манзилга айланди.

Ҳукумат шу ой Сурия қочқинлари Оврўпо Иттифоқининг аввало қайси мамлакатига келганидан қатъий назар, уларнинг аризаларини қабул қилишини билдирган.

Ўн минглаб суриялик муҳожирлар Туркиядан Болқон ва Венгрия орқали Австрия, Олмония ва Швецияга келишмоқда.

Муҳожирлар Грециядан Македонияга келишдан давом этганлар, шу дам олиш кунларида яна кўпроқ автобуслар Венгрия чегараси томон ҳаракат қилаётгани айтилади.

Ўтган дам олиш кунларида Мюнхен темир йўл вокзалида муҳожирларни маҳаллий халқ қарсаклар билан ҳуш қарши олди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Мюнхен ҳокими Дитер Райтер бошқа олмон ҳудудларини ҳам муҳожирларни қабул қилиб, уларга уй-жой топиб беришга ундади.

У бошқа ҳудудларнинг фаолроқ амал қилмаётганини "шармандали" аҳвол дея қоралади.

Баъзи хабарларга кўра, ҳукумат ҳеч ким яшамаётган ижара уйлари устидан вақтинча назоратни қўлга олиб, уларга муҳожирларни жойлаштириш масаласини кўриб чиқаяпти.

Олмония шимолидаги Қуйи Саксония ҳудудида аризаларни кўриб чиқувчи йирик марказ очилиши кутилмоқда. Муҳожирлар у ерга Австриядан поездларда олиб келиниши айтилади.

Айни дамда шанба куни Оврўпо бўйлаб муҳожирларни қўллаб-қувватлаб намойишлар ўтказилиши кутилади.

Ўн минглаб одамлар бу намойишларда иштирок этиши кутилади. Уларга қарши аксил-муҳожир намойишлари ўтказилиши ҳам режаланган.

Мазкур можаро Оврўпо Иттифоқи ичида кескин бўлинишлар мавжудлигини кўрсатди. Оврўпо Комиссияси яна 120 минг муҳожирларни жойлаштириш учун масъулиятни 25та давлат ўзаро бўлиб олиши керак дея мажбурий квоталарни эълон қилди.

Чехия, Венгрия, Польша ва Словакия муҳожирларни қабул қилиш борасидаги мажбурий чораларга қарши чиқишмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio