Сўлқанот Корбин британ лейбористларининг янги раҳбари

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Корбин Британиянинг НАТОдан чиқиши тарафдори

Британияда сўлқанот сиёсатчи Жереми Корбин мухолифатдаги лейбористлар партиясининг янги лидери этиб сайланган.

66 ёшли Корбин "остерити" ёки бюджет харажатларини қисқартириш сиёсатига қарши ва Британиянинг НАТОдан чиқиши тарафдори.

Лейбористлар партияси раҳбарлигига сайловлар шу йил майида партиянинг сайловлардаги мағлубияти ортидан эълон қилинганди.

Корбин билан бир қаторда лейбористларнинг кўзга кўринган сиёсатчилари Энди Бернэм, Иветт Купер ва Лиз Кендалл мухолифат лидерлигига номзодларини илгари суришганди.

Уларнинг биронтаси ҳам Корбиннинг радикал қарашларига қўшилмайди.

Жереми Корбин сайловда қатнашган 422664 нафар партия аъзолари ва касаба уюшмалари фаолларининг 59 фоиз овозини олишга муваффақ бўлган.

Аксарият таҳлилчилар Жереми Корбиннинг ғалабаси лейбористлар партияси ичида бўлинишларга олиб келишини башорат қилганлар.

Уларга кўра, Корбиннинг дастури Тони Блейр давридан буён партия сиёсатини белгилаб келган "янги лейбористлар" учун қабул қилиб бўлмасдир.

Корбин Блейр Ироқ уруши учун халқаро маҳкамага тортилиши кераклигини айтган.

Собиқ бош вазир Тони Блейр эса Корбиннинг ғалабасини "фалокат" деб атаган.

Унинг сўзларига кўра, Корбин раҳбарлигида лейбористлар ҳеч қачон сайловда ғалаба қозона олмайди, чунки унинг радикал сўлчи дастури "сайловчиларнинг аксариятини чўчитади".

Айни пайтда партия лидерининг янги муовини Том Уотсон лейбористларни Корбин атрофида бирлашишга чақирган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio