Таҳлил: Россия Сурияда нега фаоллашиб қолди?

Сўнгги пайтларда матбуоту интернет оламида Россия ва Сурия ўртасидаги ҳарбий-техник ҳамкорлик энг кўп муҳокама этилаётган мавзулардан бирига айланган. Айрим интернет нашрлари эса, ҳаттоки, Россия ҳарбийлари Сурияда жанг қилишлари мумкин, дея башорат қилишгача боришмоқда. Шундай экан, бу каби чиқишлар қанчалик асосли? Би-би-си Рус Хизмати ходими Павел Аксенов таҳлил қилади:

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti

Россиянинг Суриядаги фаоллиги ҳозир нималарда кўринади?

Аввалбошда бу каби гап-сўзларнинг урчишига Суриянинг жанглар кечаётган Латакия шаҳрида олинган видеотасвирлар сабаб бўлди.

Уларда Россиянинг янги русумдаги БТР-82 зирхли машинаси ўт очаётгани акс этган бўлса, интернетда пайдо бўлган фотосуратларда, гўёки, Россиянинг учувчисиз учоқлари ва бошқа қурол-аслаҳалари кўзга ташланиб турарди.

Буларнинг ортидан эса, айрим блоггерлар Россия ҳарбийларининг Сурия Қуролли кучлари томонида туриб жанг қилишаётгани ҳақида ёза бошлашди.

Аммо бу каби чиқишларда уларнинг хулосаларини исботлаши мумкин бўлган аниқ далиллар кўзга ташланмасди.

Лекин, тан олиш керак, россиялик аскарларнинг катта эҳтимол билан Сурияда олингани аниқ бўлган фотосуратлари ҳозир турли ижтимоий мулоқот тармоқларида тиқилиб ётибди. Бу каби фотосуратларнинг айримларида, ҳаттоки, қирувчи кемалар ҳам кўзга ташланади.

Аммо, агар суратларга қаралса, Суриядаги Россия аскарларининг сони унча кўп эмас. Бундан ташқари улар жанг майдонида экандек ҳам кўринишмайди.

Россиялик масъулларнинг сўзларига таянилса ҳам, Сурияда катта сонда аскарлари йўқ. Уларнинг миқдори, ҳаттоки, бизнинг Суриядаги ҳарбий юк ва иншоотларимизни ҳимоя қилиш даражасида эмас, дейишади улар.

Россия Президенти Владимир Путиннинг баён қилишича эса, Сурияга сафарбарлик мамлакати Қуролли кучлари қаршисида турган бирламчи вазифа эмас.

Лекин, буларнинг барчасига қарамай, сўнгги пайтларда Россия ҳарбий-нақлиёт ва ёки десантчи кемаларининг Сурияга серқатнов бўлиб қолгани кузатилади.

Босфор бўғозидаги туркиялик қўриқчиларнинг сўзларига таянилса, бу каби кемаларнинг бортларида ҳарбий машиналар очиқчасига кўзга ташланиб туради.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Худди шу манзарада америкалик ҳарбийларнинг баён қилишларича, Россия жорий пайтда Суриянинг шимолий-ғарбий Латакия шаҳридаги ҳарбий ҳаво базасини жиҳозлаш билан банд.

Пентагон вакилига кўра, сўнгги вақтларда бу базага келаётган одамлар ва ускуналарнинг кети узилмайди.

Ўз исм-шарифларини ошкор этмаслик шарти билан Буюк Британиянинг нуфузли “Рейтер” ахборот агентлиги билан сўзлашган америкалик айрим манбаларнинг иддао қилишларича, Латакиядаги база яқинида “Т-90” русумидаги ўнга яқин Россия танки ва замбараклари аниқланган. Аммо улар, ўз ўрнида, булар барчасининг базадаги Россия ҳарбийларининг ҳимояси учун экани эҳтимолини ҳам рад этишмаган.

Бундан аввал эса, “Рейтер” ахборот агентлигининг ўзи ҳам ушбу базага 200 нафар Россия пиёда аскарининг сафарбар этилгани, у ерда вақтинчалик уй-жойлар барпо этилгани ва кўчма ерусти бошқарув станцияси ўрнатилгани, ракетадан ҳимоя тизимининг айрим қисмлари ҳам кўзга ташланиши ҳақида хабар берганди.

Россия бу билан халқаро қонунчиликни бузаяптими?

Агар, Россиянинг ўзига келсак, Сурия билан ҳарбий-техник соҳадаги ҳамкорлигини яшириб ўтирмайди, расман тан олади.

Лекин қилаётган бу ишининг халқаро қонунларга зид эмаслигини таъкидлаб келади.

Россия Давлат Думаси Мудофаа масалалари бўйича қўмитаси раиси Владимир Комоедовнинг Би-би-си билан суҳбатида баён қилишича, мамлакатини ҳеч нарса ортга қайтара олмайди ва Сурияга қурол-яроғ етказиб беришни кўзда тутувчи барча шартномаларни бажаради.

Бунга қўшимча ўлароқ Россия Ташқи ишлар вазирлиги вакиласи Мария Захарованинг айтишича, вазир Сергей Лавров бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Жон Керрини ҳам огоҳлантирган.

“Россия Сурияга бу каби ёрдам бериб келган ва бермоқда. Буни Россия томони ҳеч қачон ҳеч кимдан сир тутмаган. Террорчиликка қарши кураш мақсадида Сурия ҳукуматини ҳарбий-техник жиҳатдан доимо дастаклаб келган”, - деб жаноб Лавров Жон Керрига изоҳ берган, дея айтган у.

Сурияга Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан расман бирор бир жазо чораси киритилмаган – халқаро ташкилот Хавфсизлик Кенгашидаги бу каби уринишлар Россия ва Хитой томонидан чиппакка чиқарилган.

Қурол-яроғ сотишни тақиқловчиси дохил амалдаги қолган санкцияларнинг барчаси эса, алоҳида давлатлар томонидан киритилган Улар Башар ал-Асад тизимини мамлакат мухолифати билан урушга киришда айблашган.

Сўнгги пайтларда нима ўзгарди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Энг аввало Россиянинг Сурияга бераётган ҳарбий кўмаги кескин равишда ортди. Бундан ташқари, расмий Москва Сурияга янгича кўринишдаги қурол-яроғларни ҳам юбора бошлади. Бунақаси авваллари кузатилмаган.

Аммо Россия сўнгги пайтларда Сурияга айнан нималар юбораётганини расман ҳеч қачон ошкор қилмаган.

Матбуотда фақат айрим гап-сўзларгина пайдо бўлган, холос.

Дейлик шу йил август ойида Россия Сурияга “МиГ-31” русумидаги қирувчи учоқлар берганмиш, деган миш-мишлар қизғин муҳокамаларга сабаб бўлган.

Аммо, алал-оқибат, расмий Москва бу каби гап-сўзларни расман рад этиб чиққанди.

Сурияга шундоққина қўшни туркиялик қўриқчиларнинг айтишларича эса, сўнгги пайтларда Босфор бўғози оша Сурияга қатнаётган Россия ҳарбий-нақлиёт кемаларининг сони ҳам ортган.

Буларнинг барчасига Ғарб нима дейди?

Ҳеч кимга сир эмаски, АҚШ ва бошқа Ғарб давлатлари Сурия Президенти Башар ал-Асадга қарши.

Уларнинг барчаси қандай кўринишда бўлмасин, президент Асад тузумини дастаклаш – Суриядаги қуролли можаронинг чўзилгандан чўзилишига сабаб бўлади, деган қатъий ишончда.

Америка томонининг фикрича, Россиянинг кўмаги айнан жанг майдонида енгилаётган бир пайтда Суриядаги мавжуд тузумни яна қайта кучлантириши мумкин.

Би-би-сининг Нью-Йоркдаги мухбирига кўра, бу каби ҳолат Сурия инқирозига дипломатик йўл билан барҳам беришни ниҳоятда қийинлаштириши эҳтимоли йўқ эмас.

АҚШ Давлат котиби Жон Керрининг россиялик ҳамкасби Сергей Лавровга баён қилишича, минтақада Россия ҳарбийлари ва техникасининг ортиши Сурия инқирозининг янада оловланишига олиб келиши мумкин.

Америкалик юқори мартабали мулозимнинг сўзларига таянилса, бундан ташқари, янада кўпроқ тинч фуқаролар қурбон бўлиши, қочқинларнинг сони ортиши ва “Исломий Давлат”га қарши кураш олиб бораётган ҳарбий коалиция билан зиддият эҳтимолини ҳам пайдо қилиши мумкин.

Араб давлатлари-чи, улар қандай мавқеъда?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Дейлик, қатор араб давлатларини ўз ичига олувчи Саудия Арабистони бошчилигидаги коалиция Россиянинг Сурияга ортиб бораётган ҳарбий ёрдамидан ташвишда.

Улар Суриянинг келажагини амалдаги президенти Башар ал-Асад билан боғлаб бўлмайди, деб қатъий ишонишади. Шу боис ҳам, расмий Москванинг Асад тузумини янада қўллашга қаратилган бугунги саъй-ҳаракатларини умуман қабул қила олишмайди.

Аммо сўнгги ойларда Эрон ядровий дастурининг тақдирига оид музокараларда эришилган ижобий ютуқлар ва аксарияти сурияликларни ташкил этувчи қочқинлар инқирози сабаб, араб сиёсатчиларининг эътиборлари Суриядаги Теҳрон-Дамашқ қарама-қаршилигидан чалғиган.

Худди шу боис ҳам, уларнинг барчаси ҳозир асосий диққатларини “Исломий Давлат”га қарши туришга қаратишган.

Араб давлатларининг наздларида расмий Дамашқ буни Сурияга оид стратегияларининг муваффақиятсизлиги ва минтақада Эрон мавқеининг кучайиши сифатида қабул қилади.

Президент Путиннинг мақсади нима?

Россиянинг ўзида айтишларича, расмий Москванинг минтақадаги бугунги сиёсатидан мақсад – Сурия давлатини асраб қолиш ва “Исломий Давлат” гуруҳига қарши курашдир.

“Нью-Йорк Таймс” газетасининг ёзишича, Россия собиқ Шўролар Иттифоқи давридан буён Суриянинг Тартус шаҳрида ҳарбий-денгиз базасини қўлдан чиқармай келади ва уни умуман йўқотмоқчи эмас.

Журналистларга кўра, сиёсий келажагида кўпроқ ўрин тутиш ва Америка бериши мумкин бўлган ҳарбий қарорларнинг кучини қирқиш учун расмий Москва Сурияда куч тўплашга уринаётган бўлиши мумкин.

Аммо “Eurasia Group” тадқиқот маркази президенти Иан Бреммер бу хусусда бошқача фикрда.

“Сўнгги ойларда президент Асад ҳукумати каттагина ҳудудларни бой берди. Владимир Путин эса, унинг ўрнига бошқа президент тайин этилишига йўл қўймоқчи эмас. Агар-да, Ғарб Башар ал-Асад ожиз қолган бир вазиятда урушнинг ўзанини ўзгартиришга муваффақ бўлса, Суриянинг сиёсий келажагида ҳам улар ўз сўзларини айтишлари эҳтимоли катта. Шу боис ҳам, президент Путин айнан ҳозир Асадни қўллаш лозим, деган фикрда”, - дейди таҳлилчи “Business Insider” нашрига берган суҳбатида.

Унинг қўшимча қилишича, Россия президенти “Исломий Давлат”га қарши самаралироқ кураша олиши учун Асад тузумига ҳарбий кўмагини кескин оширишга қарор қилган эмас. Иан Бреммерга кўра, Владимир Путин озмунчага тушмайдиган бу каби уруш ва унинг оқибатлари билан Ғарб шуғуллансин, деган фикрда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ