Қозоғистонликлар девальвацияга қарши намойиш ўтказмоқчи

Танганинг қадрсизланиши оддий одамларни қийин аҳволга солиб қўйган Фото муаллифлик ҳуқуқи bbcuzbek
Image caption Танганинг қадрсизланиши оддий одамларни қийин аҳволга солиб қўйган

Бир гуруҳ жамоат вакиллари Олма ота шаҳри ҳокимиятига танга қадрсизланишига қарши намойиш ўтказиш учун ариза топширган. Улар намойишга қонуний рухсат берилмаса норозилик қонун доирасидан чиқиб кетиши мумкинлигини айтишган.

"Халқ қийналмоқда, одамларнинг даромади бир кунда 60 фоизга камайди. Шунинг учун бир гуруҳ фуқаролар Олма ота шаҳрида митинг ўтказиш учун рухсат сўраб ҳокимиятга ариза киритдик", - дейди мухолифат фаоли Амиржан Қўсанов.

Жамоат фаоллари норозилик намойиши 27 сентябр куни бўлиб ўтишини айтмоқда.

"Президент Назарбоев "иғвогарлик бўлмасин" деган маънода гапирди. Биз ҳеч кимга иғво тарқатмаймиз. Таклифимиз Қозоғистон қонунлари доирасида берилди. Митингга келмоқчи бўлганларни ҳам қонун доирасида чақирамиз", - деб ёзди Амиржан Қўсанов.

Мухолифат фаоли, агар намойишга қонун доирасида рухсат берилмаса, норозилик қонун доирасидан чиқиб кетиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

Қозоғистонда давлат танга курсини маълум коридорда ушлаб туриш сиёсатидан воз кечиши ортидан миллий валюта қадрсизланиб кетди.

Ўтган ҳафта долларга талаб ошганлигидан биржа бозорида бир доллар 300 тангага кўтарилган.

Бироқ Марказий банк 144 миллион долларни савдога чиқарганидан сўнг танганинг қадри бироз мустаҳкамланган.

Айни дамларда 280 тангага бир доллар сотилмоқда. Бир ой олдин бир доллар 185 танга эди.

Девальвация борасида жамоатчиликнинг фикри иккига бўлинган.

Айрим иқтисодчилар ички ишлаб чиқарувчиларни қўллаб қувватлаш учун ҳам қозоқ тангаси Россия рублидан кам қадрсизланмаслиги кераклигини айтишади.

Уларга кўра, рублнинг қадрсизланиши россиялик ишлаб чиқарувчиларга қўл келган ва қозоғистонлик харидорлар ҳам қиммат бўлган маҳаллий маҳсулотни сотиб олиш ўрнига арзон Россия молларини афзал кўра бошлаган.

Натижада Қозоғистондаги тадбиркорларнинг касодга учрай бошлагани ҳақида хабарлар кела бошлади.

Танганинг қадрини ушлаб туриш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаш учун давлат ғазнасидан миллиардлаб доллар сарфланиши ҳам танқид қилинди.

Бироқ танга қадрининг тушиб кетиши маошларни миллий валютада оладиган маҳаллий аҳолини қийин аҳволга солиб қўйди.

Танга қадрсизланиши билан четдан келадиган эскпорт молларининг нархи дарҳол кўтарилди. Мамлакат ичидаги хизмат ҳақлари ҳам ошганлиги айтилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio