Сурия: Муҳаббат қиссаси

Image caption Амер ва Рағда...бахтли кунларда

Британиялик ҳужжатли филмлар муаллифи Шон Макалистер 2011 йили Сурияда махфий хизматлар томонидан ҳибсга олинган вақти тилга тушганди.

Шон ўша вақтда Суриядаги икки ошиқ ҳақида филм олаётганди. Уни ҳисбга олганларидан сўнг, ошиқлар мамлакатни тарк этишга мажбур бўлдилар.

Лекин Шонни озод қилганларидан кейин яна биргаликда филмни охирига етказишга қарор қилишди.

Қамоқда бўлган вақти Шон Макалистер фаоллар ва намойишчиларнинг қийноққа тутилишларига гувоҳ бўлди.

"Ёшлари 20 ларда бўлган хавфсизлик хизмати ходимлари соатлаб маҳбусларни кабеллар билан уришарди. Кейин ўтиришга ҳам деярли жой йўқ, деразасиз камерага ташлашарди".

Озодликка чиққанидан сўнг, Шоннинг берган гувоҳликлари жаҳон бўйлаб ахборот агентликларининг бош сарлавҳаларига айланди. Аммо у Сурияда суратга олишни бошлаган филмини тугатишга бел боғлаганди. Ҳозирда икки фаол Амер Доуд ва Рағда Ҳасан ўртасидаги муҳаббат ҳақида олинган бу ҳужжатли филм тамошабинлар эътиборига ҳавола этилди.

2011 йили Шонни ҳибсга олишган вақти Амер ва Рағданинг намойишларни ташкил қилганлари ҳақида ва Сурия ҳукуматига қарши гапирганлари туширилган тасмаларни ҳам қўлга олишганди.

Полиция Шондан Амер ва Рағданинг қаерда эканликларини айтишни талаб қилган вақти, у полицияни адаштириб, Амер ва Рағдага Ливанга қочишларига фурсат яратиб берди.

"Ўшанда ўзимни қаттиқ айбдор ҳис қилдим. Ахир улар мени деб, мамлакатни ташлаб чиқиб, Байрутда азоб чекаётган эдилар".

Лекин озод бўлганидан сўнг филмни давом эттиришига қаршилик билдирмадилар.

"Мен шахсан Шонни биз учун умид учқуни сифатида кўрдим", дейди Амер. "Чунки биз сиёсий фаоллар эдик. Фаол сифатида сизнинг ҳаётдаги мақсадингиз юксакроқ бўлади. Сизнинг айтар сўзингиз ва етказмоқчи бўлган муждангиз бўлади".

Амер Доуд Фаластин Озодлик Ҳаркатининг аъзоси бўлганди.

Рағда билан аввалги гал қамоқда ўтирган вақти танишган.

Рағда Сурия президенти Башар ал Асаднинг алавийлар мазҳаби аъзоси, аммо уларга мухолиф, инқилобчи коммунист эди.

Улар қўшни камерада ўтиргандилар.

Ўртадаги деворда туйнук очиб, ойларча ўша туйнук орқали мулоқот қилдилар. Ўртада севги пайдо бўлди.

Қамоқдан чиққандан сўнг оила қуриб, фарзандли бўлишди.

Image caption Филм Шон Макалистер ва Амер Доудни дўст тутинтирди

Лекин Шон уларни учратган вақти Рағда яна қамоққа тушганди. Уни ёзган асарлари, жумладан Амер билан севгиси ҳақида ёзган асари учун ҳибсга олишганди.

Рағдани 2011 йили озод қилишди.

Шундан сўнг Ливанга ҳижрат қилишга мажбур бўлдилар ва муаммолар ўша ерда бошланди...

Инқилоб ғояларидан узоқ бўлишга ўрганмаган Рағда Сурияга қайтди. Усиз эса Амер Оврўпода фарзандлари билан бошпана сўрай олмасди.

Охир-оқибат улар биргалашиб Франсадан бошпана топишди. Лекин ҳижрат оилага бахт келтирмади.

Шу кунларда фестивалда асосий мукофотлардан бирини қўлга киритган ҳужжатли филмнинг асосий саҳналари айнан уларнинг Франсадаги уйларида олинган.

Оилада бевафолик юз беради...Ўз жонига қасд қилишга уриниш...

"Буни кузатиш жуда ғалати эди...Франсанинг энг гўзал гўшаларидан бирида яшаётгандилар... Орзуларига етишгандек эдилар. Лекин бу эркинликка етишгунга қадар… улар шу қадар кўп нарсани ва бир-бирларини йўқотгандек эдилар", дейди Шон Макалистер.

Юз бераётган ҳодисаларни тушуниш учун бот-бот Шонга мурожаат қиладилар. Франсага келиб ўртада воситачи бўлишни, ким ҳақ, ким ноҳақ эканлигини белгилаб беришни сўрардилар.

"Қамоқда эканлигингда у сени севарди", деди Шон бир куни Рағдага.

"Ҳамма сурияликлар қамоқдагиларни севадилар", деб чўрт кесди Рағда.

Филмда Амер ва Рағда ташлаб чиққан ҳаёт, мамлакат, яқинлари ва дўстлари тез-тез намоён бўлади.

Ҳозир Рағда Ҳасан Туркияда яшамоқда ва Суриянинг мухолифатдаги ҳукуматида вазифага эга. Амер Доуд эса фарзандлари билан ҳануз Франсада.

Филмнинг ниҳоий нусҳасини Шон билан қаҳвахоналардан бирида тамоша қилди.

"Филмни томоша қилар эканман, "мана турмуш ўртоғим, мана фаразндларим" деган бир ҳис пайдо бўлди. Кўз ёшларимни тўхтата олмадим. Ўзим, ҳаётим, фарзандларим ва Рағда учун ичим ачиб, соатлаб йиғладим".

Доуднинг ишонишича, агарда Сурияда тинчлик бўлганида унинг оиласи барбод бўлмас эди. "Чунки бизнинг севгимиз юксак эди", дейди у.

Шон Макалистер 2010 йили филмни суртага ола бошлаган вақти Сурия яқин орада фуқаролар уруши гирдобида қолишини билмаганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio