Саудия муфтийси: издиҳомдаги ўлимлар тақдир-пешонадаги нарса

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Саудия Арабистони олий муфтийси Абдул Азиз ибн Абдулла аш-Шайх айтишича, Маккадаги 700 дан зиёд зиёратчи ўлимига олиб келган издиҳом одамзод назоратидан ташқаридаги нарса бўлган.

Saudi Press Agency (SPA) ахборот агентлиги хабар тарқатишича, Саудия олий муфтийси Абдул Азиз бин Абдулла аш-Шайхнинг ушбу баёноти Эрон ва фуқаролари нобуд бўлган яна бир неча мамлакат Саудия Арабистони расмийларини ҳожиларнинг хавфсизлигини таъминлашнинг уддасидан чиқолмаганликда айблагашлари ортидан янграган.

SPA хабарига кўра, Олий муфтий Абдул Азиз ибн Абдулла аш-Шайхни Саудия валиаҳд шаҳзодаси, Бош вазир ўринбосари, Олий Ҳаж қўмитаси раиси Муҳаммад ибн Наиф Абдул-Азиз ал-Сауд зиёрат қилган.

Валиаҳд шаҳзода Муҳаммад ибн Наиф Абдул-Азиз ал-Сауд Саудия Арабистони Ички ишлар вазири лавозимини ҳам эгаллайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи SAUDI PRESS AGENCY

Олий муфтий валиаҳд шаҳзодага юз берган фожеа учун айбдор деб кўрилмаслигини айтган.

"Бўлган нарса учун сиз айбдор эмассиз", дея Саудия муфтийсидан иқтибос келтирган SPA ахборот агентлиги.

"Одамзод назорати остида бўлмаган нарсалар борки, бунинг учун сиз айбдор бўлмайсиз. Тақдир ва қисмат қочиб қутулиб бўлмайдиган муқаррар нарсалардир", деб айтган Олий муфтий Абдул Азиз ибн Абдулла аш-Шайх.

Бундан олдин Эрон Миллий Хавфсизлик бўйича олий кенгаши Саудия расмийларини "қобилиятсизлик"да айблаган ва зиёратчилар ўлими учун "масъулиятни бўйнига олиш"га чақирган.

Тиқилинчда нобуд бўлган энг кўп зиёратчи Эрон фуқаролари экани хабар қилинмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

131 нафар эронлик ҳаётдан кўз юмгани маълум бўлган.

Айни пайтда Нигерия Саудия Арабистони тиббиёт вазирининг айбловини рад этиб чиққан.

Саудия томонига кўра, эронлик 300 нафарчи ва яна бошқа мамлакатларнинг зиёратчилари ҳаж амалларини адо этиш вақти ва жойи бўйича белгилаб қўйилган йўриқномани бузганлар.

Бу одамлар зиёратчиларнинг асосий оқимига қарши юришни бошлагани, натижада талотўп келиб чиққани фожеага сабаб бўлгани айтилмоқда.

24 сентябр эрталабки соат 9 ларда икки миллион зиёратчи Жамарот устунларига "Шайтонга тош отиш" ибодатини адо этаётган пайтларида издиҳом келиб чиққан.

Бу пайтда ҳаво ҳарорати 46 даражагача иссиқ бўлиб, кўплаб инсонлар жазаримада нафаси сиқилиб ҳаётдан кўз юмган.

Саудия расмийлари ҳозирча 131 Эрон фуқароси, 14 Ҳиндистон, 8 Миср, 6 Покистон, 5 Сенегал, 4 Туркия, 3 Кения, 3 Нигерия, 3 Голландия, 1 Бурунди фуқароси, шунингдек, Нигер ва Чад фуқаролари ҳам ҳалок бўлганини маълум қилганлар.

Қурбон Ҳайити кунида рўй берган издиҳом яқин икки ҳафта ичида Маккада рўй берган иккинчи фалокат бўлган.

11 сентябр куни Масжидул Ҳарамда қурилиш крани қулаб тушгани оқибатида 109 инсон ҳалок бўлган эди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ