Путин: 'Россия Сурияга қўшин юбормайди'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Путин Сурия борасидаги таклифларини Президент Обама билан муҳокама қилади

Россия Президенти Владимир Путин Москванинг Суриядаги жанговар ҳаракатларда бевосита иштирок этиш режаси йўқлигини айтган.

"Россия Сурия ёки бошқа бирон давлат ҳудудидаги жанговар амалиётларда иштирок этмайди, ҳар ҳолда, бизнинг бугун бу каби режамиз йўқ", -деб айтган жаноб Путин АҚШнинг Си-би-эс телеканалига берган интервюсида.

Айни пайтда у Москва Президент Башар Асад ҳукуматига ёрдамни кучайтиришга тайёрлигини билдирган.

Унинг сўзларига кўра, ҳозирда Сурияда ягона қонуний армия бор ва бу Башар Асаднинг армиясидир.

Путин Вашингтон томонидан дастакланаётган Сурия мухолифат кучларини "террорчи ташкилотлар" деб атаган.

" У ерда фақат битта қонуний армия бор. Бу Сурия Президенти Асаднинг армиясидир. Ва унга айрим халқаро ҳамкорларимизнинг таъбирича,мухолифат қарши турибди. Амма ҳақиқатда Асад армияси террорчи ташкилотларга қарши курашмоқда", - деган Президент Путин.

Россиянинг Суриядаги ҳарбий иштирокининг кучайиши сўнгги пайтларда Қўшма Штатларнинг хавотирларига сабаб бўлмоқда.

Аммо Путин Москванинг ҳаракатлари мутлақо қонуний ва БМТ низомига мувофиқ эканини урғулаган.

"Биз Сурия ҳукуматининг ҳарбий-техник ёрдам сўраб қилган мурожаатига жавобан ҳаракат қилаяпмиз. Бу қонуний халқаро шартномалар доирасидадир", -дея баёнот берган Россия раҳбари.

Путиннинг айтишича, ҳозирда Суриядаги "Исломий давлат" сафларида Россия ва МДҲ давлатларидан 2000 нафар жангарилар урушмоқда.

"Уларнинг қайтишларини кутиб ўтиргандан кўра, Асадга Сурияда уларга қарши курашда ёрдам берган мақсадга мувофиқ",- деган жаноб Путин. Суриядаги вазият душанба куни БМТ Бош Ассамблеясидаги музокараларнинг марказида бўлиши кутилмоқда.

Президент Путин АҚШ Президент Барак Обама билан Сурия борасидаги режасини муҳокама қилади.

Москва Россия, АҚШ, Эрон, Туркия, Саудия Аарабистони ва Мисрни ўз ичига олган халқаро контакт гуруҳи тузишни таклиф қилмоқда.

Россия Президент Асаднинг муҳим иттифоқчиси саналади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio