Толибон Қундузни деярли эгаллади

Толибон Қундузнинг аксар қисмини эгаллаган
Image caption Толибон Қундузнинг аксар қисмини эгаллаган

Толибон шимолий Афғонистондаги Ўзбекистон ва Тожикистонга яқин Қундуз шаҳрининг аксар қисмини ишғол қилган. Исёнчилар стратегик муҳим шаҳарга ҳар тарафдан ҳужум қилиб, ҳукумат идоралари ва қамоқхонани ўз назоратига олган.

Тонгда шаҳарнинг уч томонидан ҳужум қилган Толиблар шаҳарнинг асосий кириш йўлидан ичкарига кирган ва шаҳар шифохонасини қўлга киритган. Хабарларга кўра, расмий идоралар ҳам Толибон қўлига ўтган.

Қундуздаги қамоқхонани эгаллаган жангарилар у ердаги 500 дан ортиқ Толибонга хайрихоҳ маҳбусларни озодликка чиқарган.

Қундузнинг айрим туманларида Афғон кучлари ва Толибон ўртасида жанглар давом этмоқда.

Қақшатгич жанглар боис шаҳар ва атрофидаги кўчалар бекилиб қолган. Ҳар икки томондан ҳам инсоний талофатлар борлиги айтилмоқда.

Би-би-сининг Талоқандаги мухбири Мўъбин Ғафурийнинг айтишича, Толибон жангарилари шаҳардаги расмий идораларни эгаллаб бўлган.

"Айрим маҳаллаларда жанглар кетаяпти. Лекин ҳукумат кучлари томонидан кўрсатилаётган қаршиликлар унча шиддатли эмас. Агар шаҳарга қўшимча ёрдам кучлари етиб келмаса шаҳар бутунлай Толибон қўлига ўтиши мумкин", - дейди Мўъбин Ғафурий.

Мухбиримизга кўра, инсоний талофатлар борасида аниқ рақамлар йўқ. Аммо юздан ортиқ одамнинг жароҳат олиб шифохонага келтирилгани айтилмоқда.

Қундузга Толибон бостириб кириши ортидан имконини топган инсонлар шаҳарни ташлаб чиқишга интилаётгани айтилади.

Лекин шаҳар ичида автомобил йўллари ёпиқлиги айтилади. Баъзилар эса аэропорт орқали мамлакатнинг бошқа шаҳарларига боришга интилмоқда.

Афғонистон парламентининг қундузлик депутати Шукрия Пайкон шаҳар ҳаво қўналғасида кўплаб расмийлар қатори учоқ келиб уларни олиб кетишини кутмоқда.

"Учоқ қайси шаҳарга олиб кетса ўша ерга учиш учун кутиб турибмиз. БМТнинг Афғонистон учун ёрдам миссияси ўз одамларини олиб чиқиб кетди, аммо бизни олмади", - дейди Шукрия Пайкон.

Толибон жангарилари Тахор вилоятидаги Ишкамиш туманига ҳам ҳар томондан ҳужум қилган. Тахор ҳокимининг воизи Сунатиллоҳ Тимур жангариларнинг туман марказигача кириб келганини айтган. Унга кўра, ҳукумат томонидан қўшимча кучлар ташланмаса туман тўлиқ Толибон назоратига ўтиши мумкин.

Бу туманда Ўзбекистон Исломий ҳаракати кенг фаолият юритиши айтиб келинади.

Қундуз ўз пайтида Толибоннинг шимолдаги таянч нуқтаси саналган. Сўнгги пайтда Толиблар шимолда фаоллашаркан, улар айнан яна Қундузга эътибор бериб, бу шаҳарни қўлга киритишга қаттиқ тиришмоқда.

Ҳарбий таҳлилчи Асадулло Волволижий Толибон учун Қундузнинг стратегик аҳамияти муҳим эканлигини айтади.

"Таҳор ва Бағлон вилоятлари Қундуз билан чегарадош. Агар Толибон Қундузни эгалласа ҳам Тоҳар ҳам Бағлонга ҳамла қилиш имкониятига эга бўлади. Бу ҳудудларни эгаллагач Тожикистон ва Ўзбекистон чегараларига чиқиш имкони пайдо бўлади", - дейди Асадулло Волволижий.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ