АҚШ ИШИД сабаб яна мукофот пули бермоқчи

Фото муаллифлик ҳуқуқи

АҚШ Давлат департаментининг билдиришича, Яқин Шарқдаги “Исломий Давлат” гуруҳи фойда кўражак ноқонуний савдо-сотиқларга оид хабар учун $5 миллион доллар мукофот пули берилади.

Бу ҳақда департаментнинг расмий веб саҳифасида баён қилинади.

Унда айтилишича, бунинг сирасига нефть ва асори-атиқаларнинг ноқонуний олди-сотдиси ҳам киради.

АҚШ Давлат департаментига кўра, миллионлаб долларлик мукофот пули одамларни қўлларидаги маълумотни ўзларига беришга ундайди.

Улардан эса, “Исломий Давлат” даромад кўраётган контрабанда ҳолларининг олдини олишда фойдаланилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи bbc

Аммо департаментнинг $5 миллион долларлик мукофот пулини олиш сизда учун нефть ва қадимий асори-атиқаларни қазиб чиқариш, ишлов бериш ва уларнинг контрабандаси билан шуғулланаётган шахслар ёки ширкатларга оид маълумот бўлиши керак бўлади.

Бундан ташқари, уларни харидорга етказиш йўлларидан бохабар бўлган одам ҳам бу мукофотдан қуруқ қолмайди.

АҚШ Давлат департаментининг маълумотларига кўра, нефть ва музейлардан ташмаланган қадимий экспонатлар контрабандаси жангариларга миллионлаб доллар фойда келтиради.

“Исломий Давлат”га ўхшаган гуруҳлар эса, бунча пулдан ўз террорчилик фаолиятларини молиялашда фойдаланишади.

Бойвачча гуруҳ

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Сўнгги икки йилнинг ўзида Ироқ ва Суриядаги каттагина ҳудудларни босиб олиб, ўз исломий халифалигини эълон қилган "Исломий Давлат" эса, жорий пайтда барча жангари гуруҳлар орасидан "энг бойи" ва қудратлиси сифатида эътироф этилмоқда.

Жорий пайтда бу мутаассиб жиҳодий гуруҳ аъзоларининг сони 30 мингдан ортиши ва улар сафларида дунёнинг деярли ҳар бурчагидан жанг қилиш учун келаётган инсонларнинг борликлари айтилади.

Шу йил май ойида АҚШ Давлат департаменти “Исломий Давлат” гуруҳининг тўрт етакчи лидери учун ҳам жаъми $20 миллион доллар миқдорида мукофот пули эълон қилганди.

Яқинда Британия Қироллик Бирлашган Хизматлар Институти томонидан олиб борилган янги тадқиқот натижалари эса, “Исломий Давлат”нинг ҳозирги кунда дунёдаги энг бой жангари гуруҳ эканини кўрсатганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи na

Агар, Қироллик Институти келтирган маълумотларга таянилса, Яқин Шарқда ўз исломий халифатига эга бу гуруҳнинг йиллик даромади қарийб 2 миллиард долларни ташкил қилади.

Аммо ўтган йил охирида эълон қилинган тадқиқот хулосасида “Исломий Давлат”нинг асосий даромад манбаси нефть контрабандаси экани айтилади.

Аён бўлишича, гуруҳ ўз назорати остида бўлган конлардаги нефтнинг ноқонуний савдосидан кунига қарийб бир миллион фойда олади.

“Исломий Давлат”нинг қолган даромадлари эса, Яқин Шарқдаги бойвачча ҳомийларининг эҳсонлари, гаровдаги одамлари учун олаётган товон пуллари, солиқ, жизья, турли жарималар, банкларни талаш ва қадимий осори-атиқаларни пуллашдан келади, дейди Британия Қироллик Институти.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ