Қундузни олган толибларга селфи нега керак?

Афғонистондаги толиблар тарғиботни жуда яхши кўрадилар. Қундузга қилинган ҳужум эса улар учун бу тарғиботдан янада самаралироқ фойдаланиш имконини берди, деб ёзади Би-би-сининг Афғонистондаги мухбири Муҳаммад Зоҳид.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Other

Очиб юборилган қамоқхонлардан шошиб чиқаётган маҳбуслардан тортиб, Қундуз кўчаларида олинган бир неча "селфи"лар шаҳарга ҳужумнинг эсда қоларли лаҳзаларидир.

Толиблар Facebook ва Twitter да анча фаол. Мобил телефонларига шиорлар ҳам жўнатишлари мумкин. Лекин кўчаларда "селфи" олиш фаолияти биринчи маротаба кузатилмоқда.

Селфиларни олганларнинг аксари, кўринишича, шу вақтгача ҳарбий муваффақият нашидасини у қадар кўп туймаган ёш исёнчилар. Улар ўз жанговор руҳларини бу билан намойиш қилиб қўймоқчидеклар. Бошқа томондан афғон хавфсизлик кучлари иттифоқчи кучларнинг ҳаводан қўллови ёрдамида қарши ҳужумда муваффақият қозонсалар, бу нашида исёнчилар учун узоққа чўзилмайди.

Толиблар душанба куни ўзларининг Voice of Jihad ташвиқот саҳифаларида бир баёнот ва икки маротаба янгилик эълон қилдилар. Бунга қўшимча видео ва аудио маълумотлар жойлаштирдилар.

Шаҳар узра байроқлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи Other

Толиблар сўзчиси Забиҳулло Мужоҳид дохил қатор исёнчилар шаҳарнинг турли қисмларида ўз қўллари баланд келаётганини кўрсатувчи ўзларининг оқ байроқлари билан тушган суратларини нашр қилдилар.

Бу билан Толиблар ўзларининг "инсонийроқ" сиймоларини намоён қилмоқчи бўлгандеклар. Толибларнинг янги раҳбари баёнотларининг оҳанги ҳам Қундуз яшовчиларини "тинчлантириш" руҳида эди. Қундузга ногаҳон ҳужум ва ижтимоий тармоқларга янги ёндошув янги раҳбарнинг бошқарув услубидан далолат бериши мумкин.

Афғонистонда кўплар бир эмас бир неча мобил телефонларга эгалар ва ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш кенг тарқалган.

Лекин охирги ўн йилда ўз фикрини очиқ изҳор қилиш тажрибасини бошдан кечирганлар учун Толибларнинг ижтимоий тармоқлардаги ташвиқоти у қадар самарали бўлмаса керак.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Other
Image caption Tolo агентлиги журналисти Солиҳа Саодат Толибларнинг Қундуз шифохонасига кириб келган онларини суратга туширган.

Толибларга қарши мамлакатда кенг қамровли мухолифлик мавжуд. Толибларнинг ижтимоий тармоқлардаги жорий амаллари гўёки бу каби мухолифлик йўқлигини намойиш этишга уринишдек. Улар халқ қўллови ва хайрихоҳлигига эришмоқчилар. Улар журналистлар ўнгида ҳам тайёрлик билан суратга олишга изн бердилар. Биладиларки бу суратлар кенг оммага ёйилади...

Лекин расмлардан илғаш қийин бўлган нарса - бу суратлар олинаётган вақти ён-атрофдагилар ўзларини қандай ҳис қилганлари. Толиблар баъзилар билан селфиларга тушишга қарши эмаслар, лекин улар шаҳарга бостириб кирганлар ва яшовчилар орасида қон тўкилиши ва бошбошдоқлик юзасидан хавотирлар бор.

Бу хавотирлар шаҳардан берилаётган твитларда ўз аксини топган. Аҳоли ўз қурқувлари ҳақида гапириб, бир киши ракета келиб тушган вақти яқини ҳалок бўлганлигини хабар берган.

Аҳоли томонидан тарқатилган расмларда, шунингдек, уларнинг шаҳарни ташлаб чиқаётганлари акс этган. Кўплаб таҳлилчилар Толиблар Қундузни узоқ ушлаб тура олмайдилар, деган фикрдалар. Шунинг учун селфилар бу муваққат ғалаба нашидасини туйиб қолишнинг яна бир йўлидир.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Other

Селфиларнинг мақсади осонликча эришилган муваффақиятни акс эттириш бўлса ҳам, аҳоли ғулғула ва оғриқли вазият ҳақида айтмоқда.

Толиблар қандай тактикани қўлламасинлар, Қундуз устидан рамзий ғалаба одамлар хотирасига аёлларнинг таълим олиш ҳуқуқидан мосуво бўлганлари, омма ўнгида сазойи қилинган, саваланган ва тошбўрон қилинганларни қайтариши тайин.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio