Саудия Арабистони: "Россия Суриядаги ҳужумларини тезда тўхтатсин"

Саудия Арабистонининг БМТдаги доимий вакили Абдалла ал-Муаллимий Россиядан Суриядаги бомбардимонини зудлик билан тўхтатишни талаб қилди.

Унинг айтишича, биронта ҳам давлат "бир вақтнинг ўзида Суриядаги режимнинг террорчилигини қўллаб-қувватлай туриб", Исломий Давлат гуруҳига қарши кураш олиб бормаслиги керак.

Саудия Арабистони Президент Башар ал-Ассадни тўнтаришга уринаётган мўътадил сунний мухолифатини қўллаб-қувватлайди. Ар-Риёд Россия ҳаво ҳужумларидан чуқур ташвишда эканини изҳор қилди.

Саудийларнинг талабига шарҳ бериш сўралганда, Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков бу каби талаб мавжудлигига тасдиқ топмаганини айтди.

"Мен ҳам бу ҳақидаги хабарларни матбуотда кўрдим, ва эринмай уни қидирдим. Уларни ҳали топганим йўқ, шундай экан, саволингизга жавоб бера олмайман", - деди у.

АҚШ Давлат Котиби Жон Керри Америка ва Россия ҳаво ҳужумлари мувофиқлаштирилган тарзда олиб борилишини айтди.

Аммо, НАТОга кўра, Россия билан амалиётлар етарлича мувофиқлаштирилмаган, чунки Россия ўз ҳаво ҳужумларидан атиги бир неча соат аввал АҚШни огоҳ қилган.

Янги ҳужумлар

Айни дамда Россия иккинчи кундирки ўзининг Суриядаги ҳужумларини давом эттирди.

Ҳужумлар Сурия шимоли-ғарбидаги исёнчилар мавқеларини нишонга олган.

Россия тунда Исломий Давлатнинг тўртта иншоотини вайрон қилгани ва Идлиб ташқарисидаги "террорчилар қароргоҳи" ва Ҳама яқинидаги қўмондонлик постини йўқ қилганини билдирди.

Чоршанба куни Россия 20та миссияни амалга оширди. АҚШ ва Сурия мухолифатига кўра, Россия ИДни эмас, балки Ассадга қарши бошқа исёнчиларни нишонга олган.

Ўзини "Ғалаба армияси" (Жайш ал-Фатаҳ) деб атайдиган коалиция Ассадга қарши курашиб, ўтган бир неча ой ичида Идлибни Ассад қўшинларидан тортиб олганди.

Бу коалицияга (Ал-Қоиданинг Суриядаги шериги бўлмиш) Ал-Нусра фронти, Аҳрор ал-Шам анъанадор Исломий гуруҳи ва қатор мўътадил Исломий гуруҳлар киради.

Уларнинг бари ИДга қарши бўлиб, кескин жанглар олиб бормоқда.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio