Эрон ҳаж қурбонлари жасадларини кутиб олди

Кутиб олиш маросимида президент Руҳоний ҳам қатнашган Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Кутиб олиш маросимида президент Руҳоний ҳам қатнашган

Ҳаждаги издиҳомда ҳалок бўлган эронлик зиёратчиларнинг жасадлари пойтахт Теҳронга кела бошлаган.

Саудия Арабистонидан учоқлар ёрдамида келтирилган 104 жасадни кутиб олиш маросими бўлиб ўтган. Эрон ҳукуматининг айтишича, Маккадаги талотўпда 464 фуқароси ҳалок бўлган.

Саудия ҳукуматининг расмий рақамларида айтилишича, ҳодисада 769 одам нобуд бўлган. Бироқ ҳалок бўлганларнинг ҳақиқий сони мингдан ошиши тўғрисида маълумотлар бор.

Расмий Теҳрон Саудия ҳукуматини зиёратчиларнинг ҳавфсизлигини тегишли равишда таъминлаш борасида уқувсизлик қилишда ва ёмон бошқарувда айблаган.

Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазири Одил Жубайр унга жавобан Эронни фожеани сиёсийлаштиришда айблаб чиқди ва расмий суриштирув натижаларини кутишга чақирди.

Теҳрондаги маросимда сўзга чиққан Эрон президенти Ҳасан Руҳоний зиёратчиларнинг ўлими барча учун катта синов бўлганини айтган.

"Ушбу ҳодиса давомида биз биродарлик ва ўзаро ҳурмат тилида гапирдик. Биз шу вақтгача дипломатия тилини ишлатиб келдик, агар лозим бўлса, биз куч тилидан фойдаланамиз", деган Руҳоний жаноблари.

Шайтонга тош отиш русуми олдидан зиёратчиларнинг икки йирик гуруҳи тўқнашиб кетиши талотўпни келтириб чиқарган.

Саудия Арабистони ҳукумати ҳалок бўлганларнинг фуқаролиги борасидаги якуний маълумотларни ҳали эълон қилгани йўқ.

Би-би-си маълумотларига кўра, ушбу издиҳомда 24 мамлакатдан 1216 зиёратчи ҳалок бўлган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio