ИД жангарилари Палмирадаги тарихий обидани портлатди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Исломий Давлат жангарилари Сурия шимолидаги қадимий Палмира шаҳрида яна бир тарихий ёдгорликни портлатишди.

Палмирадаги фаол Муҳаммад Ҳассан ал-Ҳомсийнинг айтишича, шаҳарни ўз назоратида ушлаб турган жангарилар Ғалаба аркини ер билан яксон қилишди.

Арк 2000 йил аввал қурилгани ишонилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

ЮНЕСКО қадимий дунёнинг энг муҳим маданий марказларидан бири деб билувчи бу масканда ИД аллақачон икки қадимий эҳромни вайрон қилганлар.

Лондондан амал қилувчи Сурия инсон ҳуқуқлари кузатувчилари ташкилоти ўз манбалари бу хабарни тасдиқлаганларини билдирди.

Суриянинг қадимий осори-атиқаларга масъул раҳбари Маъмун Абдул Карим агар Палмира ИД қўлида қолаверса, шаҳар буткул барбод бўлишини айтди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

ЮНЕСКОнинг бош директори Ирина Бокова мазкур амал "уруш жинояти" эканини айтиб, халқаро ҳамжамиятни ИДнинг "Сурия халқини ўзлиги ва тарихи"дан мосуво қилиш йўлидаги уринишларига қарши чиқишга ундади.

ИД мақбаралар ва ҳайкаллар бутга сиғиниш экани ва Исломга зид эканига ишонади, ҳамда улар йўқ қилиниши керак деб билади.

Август ойида ИД Палмиранинг энг таниқли иншоотларидан бири - 2 минг йил аввал қурилган Баалшамин эҳромини вайрон қилганди.

Баъзи халқаро тарихчиларга кўра, ИД ўз ҳарбий амалиётларини молиялаш учун кўплаб осори-атиқаларни миллионлаб долларга пулламоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio