Молдовада радиоактив моддани ИДга сотмоқчи бўлганлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Хабар қилинишича, Молдова полицияси Федерал Қидирув бюроси билан ҳамкорликда сўнгги беш йил мобайнида контрабандачиларнинг радиоактив моддани Яқин Шарқдаги экстремистларга сотишга қилинган тўртта ҳаракат олдини олишга муваффақ бўлган.

"Ассошиэйтед Пресс" ахборот агентлиги хабар тарқатишича, йирик миқдордаги радиоактив цезий моддасини ноқонуний сотишга сўнгги уриниш шу йил февралида бўлган.

Контрабандачилар цезийни ўзини харидор сифатида тақдим этган Молдова полицияси ходимига таклиф этишган.

Терговчиларнинг ишонишича, радиоактив модда Россиядан келтирилган бўлган.

Терговчиларга кўра, радиоактив моддани сотишга уринган жиноятчи гуруҳларнинг Россия махсус хизматларига алоқаси бўлган.

Молдова полицияси ва ҳуқуқ-тартибот органлари радиоактив моддаларни сотишга уриниш олдини олишга боғлиқ маълумотларни "Ассошиэйтед пресс" агентлигига тақдим этган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Констатин Малич фикрича, контрабандачилар яна радиоактив модда сотишга уринишади.

Агентлик радиоактив моддалар қора бозори нақадар хатарли тус олганига эътибор қаратган.

Россия билан Ғарб ўртасидаги муносабатлар совуқлашгани боис Россиядан радиоактив материалларни олиб чиқишни мақсад қилган контрабандачилар нақадар ўз муддаоларига етган-етмаганларини аниқлаш анча қийин бўлиб қолди, дея урғулаганлар "Ассошиэйтед пресс" суҳбатдошлари.

Би-би-сининг ушбу ахборотни мустақил манбалардан тасдиқлатиши имконсиз бўлган.

"Биз ўйлашимизча, сотиш уринишлари яна такрорланиши мумкин. Контрабандачилар қўлга тушмасдан катта пулга эга бўлишни кўзлаётган эканлар, ҳали яна радиоактив моддаларни олиб чиқишга уринадилар", деб айтган Молдова полицияси зобити Константин Малич.

Малич радиоактив модда контрабандаси билан боғлиқ тўртта жиноят ишини ҳам тергов қилган.

Полиция олди-бердиларнинг илк босқичидаёқ "сотувчи"ларни қўлга туширишга муваффақ бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Цезий моддасини сотишга уринган шахс автомобилидаги Евро пуллари.

Бироқ жиноятчи гуруҳ раҳбарлари қочиб қолишга муваффақ бўлганлар, эҳтимолки радиоактив контрабанда модда билан бирга.

Цезий моддаси билан боғлиқ "олди-берди"да "сотувчи" 2,5 миллион Евро пул сўраган.

Бу суҳбат пойтахт Кишинёвдаги клублардан бирида бўлиб ўтган.

"Сотувчи" айтишича, ўзидаги цезий бир шаҳарнинг бир неча кўчасини зааҳарлаш учун етарли бўлган.

"Сиз бундан "ифлос бомба" ясашингиз мумкин, бу бомба "Исломий Давлат"га жуда қўл келади. Агар сизнинг улар билан алоқангиз бўлса, иш осон кечади", деб айтган "сотувчи".

Исбот сифатида "сотувчи" радиоактивлиги пастроқ цезий-135 намунасини кўрсатган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Мана шу клубда радиоактив модда "сотувчи"си "харидор" билан учрашган.

Шу пайтда полиция "сотувчи" ва яна икки кишини ҳибсга олган.

"Ассошиэйтед пресс" ахборот агентлигига Молдова полицияси яна уч ҳолатга оид маълумотни тақдим этган.

Улардан бири 2010 йил билан боғлиқ. Ўшанда кучсизлантирилган уранни сотишга уринган уч киши ҳибсга олинган. 2011 йили қурол учун тайёрланган уранни Яқин Шарқдаги харидорга сотиш ҳаракати олди олинган. Ўтган йили эса тўйинтирилмаган уран намунаси 15 минг долларга айирбошланган. Бунинг учун олти киши ҳибсга олинган, бироқ беш нафари қочишга муваффақ бўлган.

"Ассошиэйтед пресс" агентлиги ёзишича, ушбу ҳолатлардан келиб чиқиб, буларнинг ортида контрабандачиларнинг янада каттароқ тармоғи бор ёки йўқлигини айтиш қийин.

АҚШ Давлат департаментининг ядровий қуролни тарқатмаслик бўйича бўлими сўзчиси Эрик Лунд айтишича, Молдова радиоактив моддалар контрабандасига қарши курашни кучайтиришда "кўп муҳим қадамлар" қўйган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ