Суриялик қочқинлар Оврўпога кетиш учун ватанга қайтмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Кўп сурияликлар Иорданияда қашшоқликда яшашади

Иорданияда яшаб келаётган тобора кўп суриялик қочқинлар ватанларига қайтишмоқда. Бу ҳақида БМТнинг қочқинлар бўйича агентлиги хабар тарқатди.

Август ойининг ўзида камида 4 минг қочқин Сурияга қайтган. Бу июлдаги кўрсаткичларига солиштирилса, икки баравар кўпдир.

БМТга кўра, уларнинг баъзилари ватанда қолиб яшашни исташади, қолганлари эса Суриядаги мол-мулкини сотиб Оврўпога йўл олишмоқчи.

Агентлик билдиришича, Иорданиядаги сурияликларнинг 86 фоизи қашшоқликда, яъни кунига 3,20 долларга яшаб келишмоқда.

"Улар на уй-жойга эга бўла оладилар, на оилаларини озиқ-овқат билан таъминлай оладилар ё на фарзандларини мактабга жойлаштира оладилар. Уларнинг аҳволи борган сари ёмонлашмоқда", - деди Норвегия қочқинлар кенгашининг Иорданиядаги идораси ходими Кейт Осборн Би-би-сига.

Сентябрь ойида ҳар куни ўртача ҳисобда 100 қочқин Сурияга қайтган. Авсгустда бу кўрсаткич 120, июлда эса 60 эди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

БМТ қочқинлар агентлиги ўз маълумотини кўплаб қочқинлар Сурияга отланувчи автобусларга чиқадиган Заатари қочқинлар лагеридаги бекатдан тўплаган.

"Кўп одамлар бизга Сурияга қайтиб мол-мулкларини сотиш орқали Оврўпога йўл олишга пул йиғишни исташларини айтишади", - деди Осборн хоним.

Шунингдек, Норвегия қочқинлар кенгашига кўра, Иорданиядаги юзлаб сурияликлар Оврўпога дарвоза деб кўрилувчи Истанбулга парвоз қилишмоқда.

Иорданиядаги сурияликларнинг кетишлари инсонпарварлик кўмакларининг кесилиши манзарасида юз бермоқда. Ўтган ой Жаҳон озиқ-овқат дастури пул етишмаётгани туфайли 229 минг суриялик қочқинга овқат талонларини беришни тўхтатди.

"Агар улар ҳимоя ва умид йўқлигини сезсалар, албатта ўз тақдирларини ўзлари ҳал қилишга қарор қиладилар", - деди БМТ қочқинлар агентлигининг Иорданиядаги идораси раҳбари Андрю Ҳарпер.

Ливан, Иордания, Туркия, Ироқ ва Мирсда 4 миллиондан ортиқ суриялик қочқинлар бор.

БМТ қочқинлар агентлиги уларга ёрдам бериш учун зарур бўлган пул миқдорининг фақат учдан бирини қабул қилганини айтади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio