ОАВ: Россия қанотли ракеталари Эронга қулади

Россия ҳарбийлари барча ракеталар нишонга текканини айтмоқда Фото муаллифлик ҳуқуқи Ria Novosti
Image caption Россия ҳарбийлари барча ракеталар нишонга текканини айтмоқда

Америка ҳукуматидан номи ошкор қилинмаётган манбанинг таъкидлашича, Касбий денгизидан Сурияни нишонга олган Россиянинг 4 та қанотли ракетаси Эрон ҳудудига қулаб тушган.

Ракеталарнинг нима сабабдан қулаб тушгани, бирор зарар етказгани ва Эроннинг айнан қайси ҳудудига тушгани борасида тафсилотлар берилмаган.

Reaters хабар агентлигининг маълум қилишича, Оқ уй ушбу хабарга изоҳ беришдан бош тортган.

АҚШ давлат департаменти америка матбуотида пайдо бўлган янгиликни тасдиқламади.

Россия Мудофаа вазирлигининг расмий вакили генерал-майор Игор Конашенков Россия қанотли ракеталарининг Эронга қулагани ҳақидаги хабарларни инкор қилди.

"CNNдан фарқли равишда биз аноним манбаларга таяниб хабар тарқатмаймиз, балки ракеталаримизнинг учирилиши ва нишонга бориб тегиш ҳолатини деярли реал вақтда намойиш қиламиз. Ҳаммаси ҳақида гапиролмайман, лекин бу соҳадаги исталган мутахассис бу каби амалиётларда нишоннинг зарбагача ва зарбадан сўнгги тасвири қайд этилишини яхши билади. Бундан ташқари Сурия осмонида бизнинг учувчисиз учоқлар гуруҳимиз куну тун ишлаб турибди. ", - деган Конашенков.

Эроннинг тасдиғи?

Irna Эрон ахборот агентлиги мамлакатдаги Ғарбий Озарбайжон вилояти ҳудудига чоршанба куни номаълум жисм қулаганини тасдиқлаган. Вилоят айнан Россия қанотли ракеталари Сурияга учадиган йўналишда жойлашган.

Бироқ Эроннинг анъанадор матбуоти ракета қулаш хабарини "АҚШнинг Москвага нисбатан руҳий кампанияси" дея баҳолашга шошилди.

Эрон "Ислом инқилоби соқчилари" олиймақом бўлинмасига боғлиқ Fars ахборот агентлиги "Россия Сурияда ҳарбий амалиётларини бошлагандан буён ғарб матбуоти ва расмийлари Москвага қарши маломат ёғдирмоқда", - дея ёзди.

Россия чоршанба куни Суриянинг шимолий ва шимолий ғарбидаги нишонларни мўлжалга олиб 26 қанотли ракеталар учирганини ва ушбу ракеталар нишонларга аниқ бориб текканини маълум қилди.

Нато раҳбарияти Россия ҳарбийларининг Сурияда ҳарбий ҳаракатлари манзарасида лозим топса минтақадаги иттифоқчиларни ҳимоя қилишини яна бир бор билдирди.

Москва ўз навбатида Ғарбнинг атайин Асадга мухолифат кучларни нишонга олмоқда деган танқидларини рад этиб чиқди. Ушбу зарбалар Исломий давлат ва бошқа жангариларнинг инфратузилмасига берилаётгани таъкидланди.

Сурия армияси штаби раҳбари генерал Али Абдулла Аюбнинг айтишича, Россия зарбалари ИДни заифлаштирган ва армияга душман босиб олган шаҳар ва қишлоқларни қайтариб олиш учун катта ҳужум бошлашга имкон берган.

Айни дамда Ал Қоидага алоқадор "Жабҳат ан Нусра" жангарилари ҳаракат қилувчи Идлиб, Хама, Латакия вилоятида шиддатли жанглар кетмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio