'Курд жангчилари қишлоқларни яксон қилмоқда'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Курд Халқ Мудофаа Бўлинмаси "Исломий Давлат" аталаётган гуруҳдан қайтариб олинган бутунбошли қишлоқларни вайрон қилгани айтилади

Халқаро Амнести гуруҳи Сурия шимолидаги курд жангчиларини уруш жиноятларига тенг ишларни амалга оширганликда айблаган.

Инсон ҳақларини ҳимоя қилувчи ушбу ташкилотга кўра, курд кучлари одамларни уйларидан қувиб чиқариш ҳамда турар-жойларни ёппасига бузиб ташлашга масъулдир.

Курд Халқ Мудофаа Бўлинмаси "Исломий Давлат" аталаётган гуруҳдан қайтариб олинган бутунбошли қишлоқларни вайрон қилгани айтилади.

Халқаро Амнести ташкилоти ҳисоботига кўра, ушбу амаллар аҳолининг жангари гуруҳга хайрихоҳлик кўрсатганига жавоб сифатида амалга оширилган.

Курд Халқ Мудофаа Бўлинмаси бундай айбловларни мунтазам рад қилиб келади. Аммо, ҳарбий бўлинма асосчиси "Демократик Иттифоқ" партияси "эътибордан ташқарида юз берган ҳодисалар"ни тан олган.

Маълумки, Халқ Мудофаа Бўлинмаси ИДга қарши курашда АҚШ етакчилигидаги халқаро коалициянинг асосий иттифоқчисидир.

Жорий йил АҚШ бошчилигидаги коалиция уюштирган ҳужумлар, шунингдек, ҳаводан қурол-яроғ ва ўқ-дорилар ташланиши курдлар учун катта ёрдам бўлган. Улар ИДни Суриянинг катта ҳудудларидан қувиб чиқариш муваффақ бўлишган.

Айни пайтда Қўшма Штатлар Сурия шимоли-шарқидаги исёнкорларга 45 тоннадан ортиқ ўқ-дори ташлаганини маълум қилади.

"Икки ўт орасида қолган" одамлар

Сешанба куни Халқаро Амнести ўз тадқиқотчилари "Демократик Иттифоқ" партияси ҳарбий қаноти - Халқ Мудофаа Бўлинмаси "ташвишли даражада" номақбул амалларга қўл урганига оид далилларни аниқлаганини айтган. Мазкур ҳолатлар Ҳассакеҳ ва Раққа вилоятлари шаҳар-қишлоқларида кузатилган.

Ҳассакеҳ вилояти Ҳусайния қишлоғидан бир гувоҳ: "Улар бизни ўз уйимиздан тортиб чиқаришди ва уйга ўт қўя бошлашди. Булдозерлар олиб келишди. Уй-жойлар кетма-кет бузилди ва қишлоқ буткул вайронага айлантирилди", дейди.

Халқаро Амнести ҳисоботида сунъий йўлдош орқали олинган суратлар ҳам илова қилинган. Уларда Ҳусайниядаги вайронагарчилик кўлами акс этган.

2014 йил 225та бино қад кўтариб турган бўлса, 2015 йил июнида бор-йўғи 14та қолган.

Айни пайтда Сулук шаҳарчаси жанубидаги қишлоқлар одамлари Халқ Мудофаа Бўлинмасидан арз қилишган. Қишлоқликларга кўра, жангчилар уларни ИДни дастаклашда айблашган ва агар кетишмаса, отиб ташлаш билан таҳдид қилишган.

Бироқ, Халқаро Амнести хулосасига кўра, мазкур минтақаларда жуда озчилик ўзини "Исломий Давлат" атаётган гуруҳга хайрихоҳлик кўрсатган, аксарият жангариларни қўллаб-қувватламаган.

Айрим ҳолларда курд жангчилари маҳаллий аҳолини қувиб чиқарар экан, бўйсунмаганларни ҳаво ҳужумлари билан қўрқитишган.

Бошқа бир ҳодисада эса, Халқ Мудофаа Бўлинмаси аскарлари уйга бензин сепиб, эгалари билан ёқиб юборишларини айтишган.

Ҳисоботда айтилишича, ҳарбий бўлинма ўз амалларини оқлашга уринган ва бу ишлар аҳоли муҳофазаси йўлида ё-да, ҳарбий заруратдан келиб чиқиб қилинганини таъкидлаган.

Халқаро Амнести гуруҳидан Лама Факиҳ эса:"ИДга қарши курашда Мухтор маъмурият фуқаролар ҳуқуқини буткул поймол этаётган кўринади", дея огоҳлантирган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio