Гуатемалада оломон ҳокимни уриб ўлдирган

Гуатемала ғарбидаги шаҳар ҳокими маҳаллий аҳолининг ҳужумига учраб ҳалок бўлган.

Консепсион шаҳрининг ҳокими Базилио Хураканни оломон ўз сиёсий рақибига ҳужумни буюришда айблаб дўппослаган ва ёқиб юборган.

Маҳаллий яшовчилар мазкур ҳоким икки аёлнинг ўлими ва беш кишининг жароҳатланиши ортида турганида ишонадилар.

Гуатемала Лотин Америкасининг зўравонлик энг кенг тарқалган мамлакатларидан биридир.

Аммо, халқ сайлаган давлат арбобининг оломон томонидан бу каби жазоланиши ғайриоддий ҳолдир.

Пистирма

Ўтган ой жаноб Хуракан пойтахтдан 100 километр узоқликда жойлашган Консепсион шаҳри ҳокимлигига сайловда Лорензо Секуэкни мағлуб қилганди.

Мағлуб бўлган номзод Секуэк жаноб Хураканни давлат пулларини талон-тарож қилишда айблаб, тергов талаб қилган.

Якшанба куни жаноб Секуэк оила аъзолари билан машинада сафар қилаётганда, уларнинг йўлини бошқа машина тўсиб олган.

Номаълум кишилар у машинадан чиқиб жаноб Секуэкнинг машинасига қарата ўт очганлар.

Ҳужумда номзоднинг 17 ёшли қизи ва 16 ёшли қиз жияни ҳалок бўлишган, жаноб Секуэк ва тўрт қариндоши жароҳат олганлар.

Пистирма ҳужуми ҳақида хабар тарқалар экан, ғазабланган маҳаллий яшовчилар ҳужум ортида ҳоким турганини шубҳа қилиб, уни қидиришга тушганлар.

Улар жаноб Хураканнинг қатор қариндошлари уйларига ўт қўйиб, сўнгра унинг ўзини уйидан топиб олганлар. Оломон сўнг уни ташқарига олиб чиқиб дўппослаган ва ёқиб юборган.

Ҳужум саҳнасига етиб келган полиция жаноб Хураканнинг ҳаётини сақлаб қола олмаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio