Голландия МН17 қулаши сабаблари ҳақида ҳисобот беради

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Голландия Хавфсизлик кенгаши Малайзия ҳаво йўлларининг MH17 парвози 2014 йилда Украинада қулаши сабаблари борасида ўз якуний ҳисоботини чоп қилиши кутилади. Ҳодисада учоқ ичидаги 298 одам ҳалок бўлганди.

Илк хулосалар учоқ "юқори қувватли ташқи жиҳозлар" билан уриб туширилганига ишора қилиши унга ракета билан ҳужум қилингани борасидаги шубҳаларни урчитганди.

Ғарб ва Украинага кўра, Россия қўллаб-қувватлаётган исёнчилар мазкур Боинг 777ни уриб туширганлар, аммо Россия Украинани айблайди.

Голландия ҳисоботи ким айбдор экани борасида фикр билдириши кўзда тутилмайди.

Айни дамда Россия ўз ҳисоботини чоп қилиши кутилади.

Амстердамдан Куала Лумпурга учаётган самолёт Украинанинг исёнчилар назорати остидаги шарқий ҳудудида 2014 йилнинг 17 июлида қулаганди. Бу даврда украин қўшинлари ва Россияпараст исёнчилар ўртасидаги жанглар кескин авж олганди.

Қурбонлар орасида 196 Голландия фуқароси бўлган.

Тўртта савол

Фото муаллифлик ҳуқуқи .

Голландия Хавфсизлик кенгаши Гилзе-Рийен ҳарбий базасида қурбонларнинг оилаларига ўз ҳисоботини тақдим этиши режаланган.

Кенгаш, шунингдек, исёнчилар назорати остидаги Донецк вилоятидан олиб келинган учоқнинг қайта тикланган қисмларини кўрсатади.

Ҳисобот тўртта муҳим нуқтага асосий эътиборни қаратади:

Учоқ ҳавода парчаланиб кетишига нима сабаб бўлди?

У нима учун можаро ҳудуди узра учаётганди?

Нима учун баъзи қурбонларнинг оилалари ўз яқинлари учоқда бўлгани ҳақидаги хабарни олиш учун тўрт кун кутдилар?

Йўловчилар ва экипаж охирги сонияларда нималар юз бераётганидан қанчалар хабардор бўлишган?

Учоқлар қулаши борасидаги халқаро терговларни бошқарувчи қонунларга биноан, Кенгаш қайсидир томонга айбни қўйиш ҳуқуқига эга эмас.

Айни дамда Голландия MH17 парвози бўйича яна бошқа терговга бошчилик қилаяпти. У бир неча ойдан сўнг чоп этилиши кутилади.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio