МН17 фожеаси: Голландия тергови ракетани айблади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Малайзия ҳаво йўлларининг MH17 парвози Россияда ишлаб чиқилган 9M38 Buk ракетаси туфайли қулаган. Голландия Хавфсизлик кенгашининг хулосаси ана шундай.

Кенгашнинг якуний ҳисоботида айтилишича, ракета учоқнинг олд чап тарафига келиб урилган ва натижада учоқнинг бир қисми ажралиб кетган.

Ғарб ва Украина Россия дастаклаётган исёнчилар мазкур Боинг 777 самолётини уриб туширган дейишади. Аммо, Россия бу ракета Украина назорати остидаги ҳудуддан отилганини айтади.

Ҳисобот ҳеч қайси томонга айбни қўймаган, аммо бу минтақадаги ҳаво ҳудуди ёпиб қўйилган бўлиши керак эди деб айтган.

Ҳисоботга кўра, ўтган йили Украинанинг Донецк вилоятида қулаган учоқда бўлган 298 одамнинг барчаси зарба вақтида деярли дарҳол ҳушидан кетганлар.

Амстердамдан Куала Лумпурга учаётган самолёт Украинанинг исёнчилар назорати остидаги шарқий ҳудудида 2014 йилнинг 17 июлида қулаганди. Бу даврда украин қўшинлари ва Россияпараст исёнчилар ўртасидаги жанглар кескин авж олганди.

Қурбонлар орасида 196 Голландия фуқароси бўлган.

Тўртта савол

Голландия Хавфсизлик кенгаши Гилзе-Рийен ҳарбий базасида қурбонларнинг оилаларига ўз ҳисоботини тақдим этди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Кенгаш исёнчилар назорати остидаги Донецк вилоятидан олиб келинган учоқнинг қайта тикланган қисмларини қурбонлар оилаларига кўрсатди.

Ҳисобот тўртта муҳим нуқтага асосий эътиборни қаратади:

  • Учоқ ҳавода парчаланиб кетишига нима сабаб бўлди?
  • У нима учун можаро ҳудуди узра учаётганди?
  • Нима учун баъзи қурбонларнинг оилалари ўз яқинлари учоқда бўлгани ҳақидаги хабарни олиш учун тўрт кун кутдилар?
  • Йўловчилар ва экипаж охирги сонияларда нималар юз бераётганидан қанчалар хабардор бўлишган?

Учоқда ҳалок бўлган британиялик Лиям Суинининг отаси Барри Суинининг Би-би-сига айтишича, унга аввалроқ ракета учоқнинг учувчилар ўтирувчи қисмига келиб урилгани ва уч учувчини шу заҳотиёқ ўлдиргани айтилган. Бунга учувчилар танасидан топилган ракета қисмлари далолат бериши айтилган.

Учоқдаги йўловчилар эса нималар бўлаётганидан буткул бехабар бўлганлар.

Учоқлар қулаши борасидаги халқаро терговларни бошқарувчи қонунларга биноан, Кенгаш қайсидир томонга айбни қўйиш ҳуқуқига эга эмас.

Голландия Хавфсизлик кенгаши президенти Чибби Яустрага кўра, учоқ Россияда ишлаб чиқилган Бук ракетаси билан уриб туширилган. Мутахассислар бу ракета ҳам Россия, ҳам Украина армияси арсеналида мавжудлигини айтишади.

Украинадаги ҳукумат ва қатор Ғарб раҳбарлари ракета Россиядан олиб келингани ва Украинанинг исёнчилар назорати остидаги ҳудуддан отилганига ишонадилар.

Ҳисоботга раддия

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Айни дамда Россиядаги Бук ракеталарини ишлаб чиқарувчи Алмаз-Антей давлат корхонаси расмийлари барча айбловларни рад этишди.

Голландия ҳисоботидан бироз аввал чиқиш қилган расмийлар барча далил-исбот Бук ракетаси Украина қўшинлари томонидан отилганига ишора қилаётганини айтдилар.

Улар ракета қисмининг учоқ фюзеляжига бориб урилишини видео схемалар билан намойиш қила туриб, ракета Украина томонидан отилганига исбот борлигини урғуладилар.

Уларнинг айтишича, ҳодисада қўлланган ракета 20 йилдан аввал ишлаб чиқарилган ва ҳозирда Россия арсеналида қўлланмайди. Россиялик расмийлар Голландия терговчилари уларнинг топилмаларини ҳисобга олишмаганини билдиришди.

Июль ойида Россия БМТ Хавфсизлик Кенгашининг МН17 фожеаси бўйича халқаро трибунални очиш борасидаги резолюцияси лойиҳасига вето қўйди.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio