Исроил полицияси Қуддус мавзеларини ўраб олади

Исроил ҳукумати ҳалокатли ҳужумларнинг олдини олиш мақсадида полиция кучларига Қуддуснинг айрим ҳудудларини ўраб олишга изн берди. Фавқулотда ўтказилган йиғилишдан сўнг, айрим ҳолатларда ҳарбийларнинг полицияга ёрдамга келиши ҳам белгиланган.

Полициянинг айтишича, Қуддус ва Исроилнинг марказида 3 одамнинг ўлими ва 20 кишининг яраланишига сабаб бўлган ўқ отар қурол ва пичоқ билан ҳужумлар ортидан ушбу чоралар жорий қилинган.

Қуддусда ҳужум қилган икки киши фаластинлик эканлиги ойдинлашган ва полиция томонидан отилган. Полиция уларни автобусдаги йўловчиларга тажовуз солиб пичоқ ишлатганидан сўнг отган.

Яна бир исроиллик пичоқланганидан сўнг қочиб кетишга ҳаракат қилган жойида нобуд бўлган.

Сал кейинроқ Ғарбий соҳилдаги Бетлеҳем шаҳрида Исроил полицияси билан тўқнашув чоғида фаластинлик ўлдирилган.

Сўнгги тўрт кун ичида фаластинликлар томонидан пичоқланиш натижасида ўнлаб исроиллик яраланган ва ҳалок бўлган. Бир нечта ҳужумчи ва яна 18 фаластинлик ҳам ўлдирилган.

Исроиллик ва фаластинликлар ўртасидаги таранглик ўтган ойдан бошланган. Тўқнашувлар Исроил ҳукумати томонидан мусулмонлар учун муборак бўлган Ал Ақсо масжидига яҳудийларнинг ҳам кириши учун рухсат бериши ортидан аланга олган.

Ҳукумат яҳудийларнинг масжидга ибодат қилмаслик шарти билан киришига рухсат берган ва ушбу ҳолат давомий бўлиши мумкинлигини билдирган.

Бундан ғазабланган фаластинликлар исроилликларга қарши ҳужум қила бошлаган.

Исроил расмийларининг айтишича, ҳужум қилувчилар аксари босиб олинган шарқий Қуддусдаги араб маҳаллаларидан.

Ҳукуматнинг таъкидлашича, жамоат транспортларининг хавфсизлигини таъминлаш учун ҳарбийлар жалб қилинади. кейинчалик махсус тайёргарликдан ўтган поспонлар гуруҳи ҳам жалб қилиниши мумкин.

Бош вазир Бенямин Нетаняҳу кўра, янги хавфсизлик чоралари "ўлдиришга ҳаракат қилаётган ва уларга ёрдам бераётганларга қарши" қўлланилади. У ўз навбатида Фаластин мухторияти президенти Маҳмуд Аббосга мурожаат қилиб "ёлғон гапириш ва гиж гижлашни" тўхтатишга чақирган.

Жаноб Аббос зўравонликнинг ортишида Исроил ҳукуматини "тажовузкорлик ҳаракатлари" ва яҳудий келгиндиларни айблаган.

Зиддиятнинг кучайиши

Скшанба куни фаластинликлар томонидан бир неча маротаба автобусдаги йўловчиларга нисбатан пичоқ билан ҳужум қилиш ҳоллари кузатилган. Полиция томонидан ҳалок қилинган ҳужумчиларнинг шарқий Қуддусдан эканлиги айтилмоқда.

Фаоллар "қаҳр куни" дея эълон қилганидан сўнг сешанба куни тушдан кейин Ғарбий соҳилда Исроил махсус кучлари ва фаластинлик намойишчилар ўртасида тўқнашув келиб чиққан.

Фаластинлик шифокорларнинг айтишича, Исроил томонидан ўқ отилиши натижасида камида бир фаластинлик ўлган ва 15 таси жароҳатланган.

АҚШ давлат котиби Жон Керри "АҚШ исроилликларга бўлаётган террор ҳужумларини қаттиқ қоралайди. Ким бўлишидан қатъий назар, ушбу зўравонлик ва унга гиж гижлашлар тўхташи керак", - деган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio