Қундуз шаҳри ҳукумат қўлига ўтди

Фото муаллифлик ҳуқуқи MoI

Тожикистон билан чегарадош Қундуз вилояти маркази икки ҳафта Толибон қўл остида қолганидан сўнг уни ҳукумат кучлари яна эгаллаган. Бироқ шаҳарга яқин ҳудудларда жанглар ҳамон давом этаётгани айтилмоқда.

Ҳукумат кучлари шаҳарда назоратни қўлга киритганини билдирган. Толибон "маҳаллий аҳолига азият етмаслиги учун" шаҳар ўз ихтиёрий билан тарк этганини айтган.

Ҳаракат воизи Толибон Қундузни ишғол қила олишини исботлаганини ва амалиёт давомида юзлаб маҳбусларни озод қилишнинг уддасидан чиққанини айтган.

Шаҳар ҳукумат кучлари қўлларига ўтган бўлса-да, Қундуз вилоятида жанглар давом этмоқда.

Афғонистон кучлари Қундуз вилояти шимолидаги Толибон эгаллаб олган Чордара туманида назоратни ўз қўлига олганини айтган.

Минтақадан олинаётган хабарларга кўра, ҳукумат кучлари ғалабалар ҳақида ҳисобот бераётган бўлсада Қундуз ва Тоҳар вилоятидаги асосий йўллар ва айрим қишлоқлар Толибон назорати остида қолмоқда.

Тожикистон билан чегарадош Қундуз вилоятининг маркази 28 сентябр куни Толибон қўлига ўтганди.

Ушбу ишғол Толибоннинг 14 йилда эришган энг катта зафари дея баҳоланди.

Олдинги ишғоллардан фарқли равишда Толибон бу сафар маҳаллий аҳолининг жони ва молини ҳимоя қилишини эълон қилди.

Бироқ маҳаллий аҳоли вакилларининг айтишича, амалда ундай бўлмаган. Исёнчилар шаҳарга кириши билан дўконларни талаган ва олдидан чиққан оддий одамларни отган.

Associated Press нинг ёзишича, Қундузлик Шоҳ Биби жангарилар қўшнисининг уйига кириб 5 ёш болани ўлдирганидан сўнг 6 боласи олиб Қобулга қочган.

БМТнинг маълум қилишича, шаҳар Толибон қўлига ўтиши арафасида ва бошқаруви вақтида 300 минг аҳоли эга шаҳарнинг ярми уни тарк этишга мажбур бўлган.

Қундуз ҳукумат кучлари қўлига ўтаркан шаҳардан қочишга мажбур бўлган айрим одамлар ўз уйларига қайтмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio