"Қрим электр таъминотини узиб қўйинг!"

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Украина Президенти Пётр Порошенкодан Россия 2014 йил мартида аннексия қилган Қрим ярим ороли электр таъминотини тўхтатиш талаб қилинаётган петиция етарли овоз тўплаган.

Ҳозирги пайтда Қримнинг 70 фоиз электр таъминоти Украинага боғланган.

Украина қонунчилигига биноан, бирор мавзудаги онлайн-петицияни қўллаб-қувватлаб 25000 дан ортиқ имзо тўпланса, мамлакат президенти бу талабномани кўриб чиқиши шарт.

Қримни Украина электр қувватидан узиб қўйиш талаби илгари сурилган электрон петиция икки ойга етмасдан етарли имзо йиққан.

Сентябр ойида украиналик жамоат вакиллари ва сиёсий партиялар фаоллари Қримни иқтисодий қамал қилиш акцияларини бошлаганлар.

Улар Украинадан Қримга ўтиш мақсадида бўлган юк автомобиллари йўлларини тўсишга қарор қилганлар.

Қримнинг ҳозирги расмийлари ушбу қамал ярим орол иқтисодига салбий таъсир кўрсатгани йўқ демоқдалар.

Бироқ агар Украина Қримга электр қуввати узатишни тўхтатса, ярим оролнинг 70 фоизини Россиядан электр қуввати билан таъминлаш имконсиз бўлади.

Аннексиядан сўнг Россия тарафдан асосан кема ёки паромларда юк ва одам ташиш йўлга қўйилган.

2014 йил мартидаги референдумда Қрим аҳолисининг аксари ярим оролнинг Россияга қўшилишини ёқлаб овоз бергани эълон қилинди, ана шу референдум натижаси асосида Россия раҳбарияти ярим оролни аннексия қилиш ҳақида қарор қабул қилди.

Лекин халқаро ҳамжамият Қрим аннексиясини қоралаб чиқди.

Хусусан, Британия референдумни сохта референдум деб билади ва Қрим Украинага қайтарилиши шарт, деган қарорда.

Украина қонунчилиги бўйича мамлакат президенти онлайн-петицияни 10 кун ичида кўриб чиқиши талаб қилинади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ