Малдивдаги тошбўрон ҳукми бекор қилинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Science Photo Library

Малдив Олий маҳкамаси никоҳсиз фарзанд кўрган аёлни тошбўрон қилиб ўлдириш ҳукмини бекор қилган.

Олий маҳкама ҳайъати эълон қилишича, зинода айбланган аёл устидан кечган илк маҳкамада қатор ҳуқуқий процедуралар бузилган.

Бунда ҳам шариат ва ҳам ҳуқуқий процедуралар бузилишига йўл қўйилгани айтилган.

Маҳаллий матбуот зинода айбланган аёлни беш яшар боланинг онаси деб тақдим қилган.

Маҳкамада аёл гўё ўзига қўйилган айбга иқрор бўлган.

Унинг устидан тошбўрон қилиб ўлдириш ҳукми 18 октябр тунида эълон қилинган.

Ҳукм ҳақидаги хабар Интернет ижтимоий тармоқлари орқали тезликда тарқалди.

Кўпчилик ҳукмдан ғазабга келганларини изҳор қилдилар, халқаро ташкилотлар аёл тақдиридан хавотир изҳор қилиб чиқдилар.

Расман Малдив республикаси деб аталадиган мамлакат Ҳиндистондан жанубда, Ҳинд уммонидаги оролчалардан ташкил топган.

Бу мамлакатнинг ягона шаҳри бор, у ҳам бўлса, мамлакат пойтахти Мале.

Аҳолиси 340 минг кишини ташкил этади ва уларнинг аксари сунний мусулмонлардир.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Мамлакатда исломий экстремизм кучайиб бормоқда деб кўрилади.

Маҳаллий матбуотга кўра, айрим фуқаролар Суриядаги жангари гуруҳларга қўшилиш учун кетганлар.

Малдив бутун дунё сайёҳларининг севимли дам олиш жойи ҳисобланади.

Зинода айбланган Малдив фуқаролари учун қаттиқ жазолар кўзда тутилган, бироқ бу тартиб-қоида сайёҳларга жорий этилмайди.

2013 йили Малдивга бир миллиондан ортиқ сайёҳ борган.

2010 йили Малдив жаҳон оммавий ахборот воситалари эътиборига тушган.

Бунга Малдив ҳукуматининг Толибон ва Афғон ҳукумати ўртасидаги тинчлик музокараларида воситачи бўлишга рози бўлгани сабаб бўлган.

Толибон ва Афғонистон ҳукумати ҳайъатлари Малдивга боришган.

Бироқ, мухбирларнинг ёзишича, ҳайъатдаги айрим кишилар соҳил бўйларида дам олаётган яланғоч инсонларни кўриб ноқулайлик ҳис қилганлар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio