Янги рақамлар: Ҳажда камида 2.000 зиёратчи ўлган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Бу эса, Саудия Арабистони расман келтираётган рақамлардан камида уч баробар кўп деганидир.

Бундай хулосага ўз изланишлари ортидан, Американинг “Associated Press” ахборот агентлиги келган.

Агентликка кўра, ўтган ой Ҳаж зиёрати чоғида Макка яқинида юз берган издиҳомда камида 2.110 киши қурбон бўлган.

Бу эса, саудиялик масъуллар айтаётган рақамлардан анча юқори.

Агар, улар келтираётган рақамларга таянилса, қурбонлар сони 769 нафардан ортмайди.

“Associated Press” ахборот агентлигининг билдиришича, бу каби хулосага келишларига оммавий-ахборот воситаларидаги хабарлар ва ўз фуқароларини қурбон берган 30 давлат ҳукуматларининг баёнотлари асос берган.

Ўз ўрнида таъкидлаш жоиз, Макка яқинидаги издиҳом - мусулмонлар учун муқаддас йиллик Ҳаж зиёратининг бу яқин чорак асрлик тарихидаги энг мудҳиш қонли воқеа бўлганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Саудия Арабистони томони эса, 25 сентябрдан буён издиҳом қурбонлари ва жабрдийларига оид расмий рақамларини янгилагани йўқ.

Уларнинг ҳисоб-китобларида талотўп чоғида яраланганларнинг сони ҳам ҳалича 934 дан ортгани йўқ.

465 нафар фуқаросини қурбон берган Эрон эса, бу мудҳиш издиҳомдан энг кўп жабр чеккан давлат бўлиб чиққан.

Бундан ташқари, катта сондаги қурбонлар кўплаб Африка мамлакатлари ҳиссасига ҳам тўғри келган.

Агар, “Associated Press” ахборот агентлиги рақамларига таянилса, Нигериядан 199, Малидан 198 ва Мисрдан 192 киши Макка яқинидаги издиҳомда қурбон бўлган.

Агентликнинг янги рақамлари саудиялик мулозимларнинг яна издиҳом масаласига бағишланган якшанба тунги йиғинлари ортидан эълон қилинган.

Саудия Арабистони давлат ахборот агентлиги SPA нинг хабар беришича, сўнгги йиғинга мамлакат Ички ишлар вазири ҳам бўлган валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Наиф бин Абдул Азиз бошчилик қилган.

Юз берган издиҳом юзасидан Саудия Арабистони подшоҳи буйруғи асосида олиб борилаётган тергов ишларининг эса, ҳануз давом этаётгани айтилади.

Расмий хабарларга кўра, валиаҳд шаҳзода “текширувлар жараёнида анчагина нарсани ўрганишга муваффақ бўлишгани”ни айтган.

Бундан аввал Ҳаж зиёрати чоғида юз берган энг қонли ҳодиса 1990 йилга тўғри келади.

Ўшанда рўй берган издиҳомнинг бир ярим мингга яқин зиёратчининг умрига зомин бўлганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ