Швеция: Қотил мусулмонларни ёқтирмаган

Қотил ҳужумдан олдин ўқувчилар билан суратга тушган Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Қотил ҳужумдан олдин ўқувчилар билан суратга тушган

Швеция шарқидаги мактаблардан бирида ўқитувчи ва бир ўқувчини ўлдирган ниқобли шахс ирқчи бўлган.

Полиция бошлиғи Никлас Халгреннинг айтишича, ҳужумчининг уйи тинтув қилинганда ва ҳужум вақтидаги ҳатти ҳаракатларидан шундай хулосага келинган.

Швед матбуоти 21 ёшли жиноятчининг ўта ўнг қанот қарашларга эга бўлгани ҳақида ёзмоқда.

Ҳужумчи "Юлдузлар жанги" филми бош қаҳрамони Дарт Вейдер кийимини кийиб олган. У Гетеборгга яқинидаги Троллхаттен шаҳридаги мактабга қилич билан қуролланиб бостириб кирган.

Гувоҳларга кўра, аввалига у мактабнинг бир неча ўқувчиси билан суратга тушган. Ўқувчилар уни Ҳэллоуин арафасида шундай кийиниб олган, деб ўйлашган.

Шундан сўнг у қиличини силтаб синфларга кириб борган. Ўқитувчилардан бири ва 17 ёшли ўсмир тиғ зарбидан ҳалок бўлган. 15 ёшли ўқувчи ва 41 ёшли ўқитувчи оғир аҳволда шифохонага ётқизилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Ҳужумчининг исми ошкор қилингани йўқ, бироқ полиция унинг маҳаллий аҳоли вакилларидан эканлигини айтмоқда.

Швеция мотамда

Полицияга маҳаллий вақт билан соат 10:10 қўнғироқ бўлган. Ҳодиса жойига полиция етиб келганидан сўнг ниқобли шахс отиб ўлдирилган.

Мактабдаги фожеа швед жамоатчилигини руҳий ларзага солган. Тролхаттенга отланган Швеция Бош вазири Стефан Лёван, бу мамлакат тарихидаги қора кун эканлигини айтган.

"Мактаб болалар ўқийдиган, ўйнайдиган, қизиқиш уйғотадиган ва дўстлашадиган жой бўлиши керак. Шунинг учун ушбу фожеа бутун мамлакатимизга даҳл қилади", - деган Бош вазир.

Пайшанба куни кечга томон мактаб девори олдида ўнлаб одам йиғилган. Улар ҳалок бўлганларни хотирлаган, гуллар қўйган ва шам ёқишган.

Айрим шаҳарликлар мактаб олдида "Нима учун ўлдириш керак?" деган ёзувларни кўтариб туни бўйи туришган.

Швед матбуотининг ёзишича, ҳужумчининг Faceebook ва Youtube даги саҳифаларида у Гитлер шахси ва фашист Олмонияси тарихи билан қизиққанини кўрсатади. У шунингдек, Ислом ва муҳожирларга нисбатан сабрсизлигини намойиш қилган.

"Биз бу одам қотиллигини ирқчи қарашларидан келиб чиққанига ишонамиз. Бундай хулосага уйини тинтув қилганимизда ва ўз қурбонларини танлаш асосларини кўриб келдик", - деган маҳаллий радиога гапирган полиция манбаси.

Ниқобли шахс олдин полиция назарига тушмаган.

"У ҳеч кимга қўшилмасди. Компютер ўйинлари ўйнар ва ўз дунёсида яшарди", - деган собиқ синфдошларидан бири Expressen рўзномасига.

Гувоҳлар жиноятчи икки синф эшигини тақиллатиб, уни очган ўқувчиларга ҳужум қилганида қандай тартибсизлик юзага келганини гапириб берган.

Ўсмирлардан бири олган жароҳати натижасида нобуд бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Полиция ҳужум қурбонларининг ҳам исмини айтгани йўқ.

Швециянинг TV4 каналига гапирган 14 ёшли Лейт Алазе, дўстларидан бири ҳужумчини тўхтатиш учун у томон бормоқчи бўлган. Бироқ қотил ўқитувчига қилич тиққанидан сўнг ҳамма қоча бошлаган.

Яна бир ўқувчининг айтишича, қора кийинган шахс "қилич билан солланиб аскар каби юрган".

Кронан мактабида 6 ёшдан 15 ёшгача бўлган 400 ўқувчи таълим олади. уларнинг кўпчилиги муҳожирларнинг болалари.

Тролхаттен - Швеция шарқидаги саноат шаҳри, мамлакатдаги иккинчи йирик шаҳар Гетеборгадан 75 чақиримлик масофада жойлашган.

Мактабларда бу каби ҳодисалар Швецияда деярли учрамайди. Бир одамнинг ўлими билан якун топган шунга ўхшаш ҳодиса сўнгги 20 йил ичида бир марта содир бўлган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio