DolarToday веб-сайтини судга беришмоқчи

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Венесуэла Марказий банки АҚШда жойлашган DolarToday веб-сайти устидан АҚШ маҳкамасига шикоят аризаси билан мурожаат қилган.

Марказий банкка кўра, бу веб-сайт кибертерроризм билан шуғулланаяпти ва Венесуэлада иқтисодий ваҳима тарқатаяпти ва мамлакатда инфляция кўпайиб кетишига сабабчи бўлаяпти.

Венесуэла Марказий банки DolarToday веб-сайти фаолиятини тўхтатишни ҳамда сайт соҳибларидан товон пули ундиришни талаб қилмоқда.

DolarToday Венесуэла миллий валютаси ҳисобланган боливарнинг қийматларини эълон қилиб боради.

24 октябр куни "қора бозор"даги 1 АҚШ доллари нархи 820.60 боливарни ташкил қилди, дея хабар қилмоқда веб-сайт.

DolarToday Венесуэла боливарининг расмий курсини ҳам эълон қилган.

Расмий курс бўйича 1 АҚШ доллари қиймати 6,3 боливарни ташкил этган.

Венесуэлада муҳим импорт товарларини субсидиялаш мақсадида уч хил валюта курсидан фойдаланилади.

DolarToday веб-сайти хабар қилишича, 820.60 боливарлик нарх Венесуэланинг Колумбия билан чегарасида кечаётган олди-сотдига асосланган.

Бундан олдин Венесуэла Президенти Николас Мадуро DolarToday веб-сайтини Венесуэланинг социалист ҳукуматига қарши фитнага тил бириктирган халқаро капиталистлар амалларининг бир қисми дея таърифлаган эди.

Рейтер ахборот агентлиги хабар қилишича, DolarToday веб-сайтига бир кунда қарийб 1 миллион муштарий киради.

Твиттердаги обуначилари сони эса 1, 93 миллион кишини ташкил этади.

Танқидчиларга кўра, Венесуэла ҳукуматининг валюта назоратини ушлаб тургани ва иқтисодиётга кенг миқёсда интервенция билан шуғулланаётгани товарлар тақчиллиги ва мамлакат Ялпи Ички маҳсулоти торайишига олиб келмоқда.

Венесуэла валютаси боливар бошига тушаётган нарсаларни Ўзбекистон сўми ҳам кўрмоқда.

Ўзбекистон ҳукумати мавжудлигини тан олмайдиган, бироқ мамлакатдаги аксар товар ва хизматлар ҳақиқий баҳосини белгилаб берадиган валютанинг "қора бозор"ида АҚШ доллари курси кескин кўтарилиб кетди.

23 октябр куни доллар 6200 сўмга ҳам чиққан.

24 октябр куни долларни сотиб олиш қиймати 5500-5600 сўмни, сотиш курси эса 5700 сўмни ташкил этган.

Ўзбекистон Марказий банки курси 1 АҚШ доллари учун 2663 сўм этиб белгиланган.

Ўзбекистон Марказий Банки DolarToday веб-сайтини маҳкамага бермоқчиyми ёки йўқми, номаълум.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ