Туркия ўз заминида "ИД жангарилари" билан тўқнашди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Туркия жануби-шарқидаги отишмада икки полициячи ва Исломий Давлат гуруҳига аъзолиги гумон қилинаётган етти жангари ҳалок бўлишган. Бу ҳақида Туркия хавфсизлик кучлари маълумот тарқатди.

Полиция тонгда Диёрбакир шаҳрида жангарилар яширингани ишонилган уйларда рейд ўтказаётган эди.

Бу ой пойтахт Анқарада 100дан ошиқ кишини ўлдирган икки портлашда ИД айбланар экан, Туркия ҳукумати ИДга қарши амалиётларни кучайтирган.

Хабарларга кўра, асосан курдлар яшовчи Диёрбакирдаги тўқнашувлар давом этмоқда.

AFP хабар агентлигига кўра, Туркия қўшни Суриядаги ИД нуқталарини ўтган июль ойида нишонга олишни бошлаганидан бери бу Туркия заминидаги ИД билан илк тўқнашувдир.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Диёбакирдаги рейд чоғида жангарилар полицияга қарши биринчи бўлиб ўт очишгани айтилади.

Давлатга тегишли Анадўлу хабар агентлиги ёзишича, жангарилар уй атрофига ўрнатган бомба портлаб икки полициячини ўлдирган. Тўрт полициячи жароҳат олишган.

Дўған агентлиги етти жангари ўлдирилгани ва уч нафари ҳибсга олинганини хабар қилмоқда.

Туркияда умумхалқ сайловларга олти кун қолар экан, асаблар таранглашган.

Бош Вазир Аҳмат Довутўғлу 10 октябрда пойтахтда юз берган портлашларда ИДни айблаб, бу ҳужум 1 ноябрда бўладиган сайловларни издан чиқаришни мақсад қилганини айтган.

Аммо, танқидчилар турк ҳукумати ИДни айбдор деб кўрсатиб, портлаш учун маъсул бўлган ҳукумат ичидаги унсурларни яшираётганини айтадилар.

Портлашларда ҳалок бўлганларнинг аксари курдпараст ҲДП партиясининг фаоллари эдилар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio