Зилзила: Қутқарув ишлари кенгайтирилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Душанба куни 7,5 баллик ер силкинишидан сўнг катта талафот кўрган Афғонистон ва Покистонда қутқарув ишлари кучайтирилган.

Кўпчилик қисми покистонлик бўлган 360 дан ортиқ одам ҳалок бўлгани айтилмоқда, 2000 дан ошиқ киши жароҳатланган.

Зилзила қандай таъсир қилгани ҳамон мавҳум қолаётган олис тоғ ҳудудларига қутқарув гуруҳлари юборилган.

Ер қимирлашидан азият чеккан айрим ҳудудларни назорат қилаётган Толибон ҳаракати, кўмак ташкилотларини "инсонпарварлик ёрдамини ушлаб қолмаслик"ка чақирган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ҳаракат воизининг айтишича, Толибон жангарилари қурбонларга ёрдам бериш буйруғини олган.

Покистон расмийларининг айтишича, зилзила зарбидан Қорақўрам тоғи чўққиларида камида икки музлик қулаган ва бир нечтаси дарз кетган. Сув тошқини хавфи юзага келган.

Минтақадаги кўп одамлар зилзиланинг янги тўлқинидан қўрққан ҳолда тунни очиқ ҳавода ўтказган. Тунда ҳарорат минус даражага тушиб кетган.

"Бизга озиқ-овқат ва бошқа ёрдамлар етишмаяпти. Тўрт кун тинимсиз ёмғир ёққанидан сўнг ҳаво ҳарорати совуқ", - деган Афғонистоннинг Кунар вилояти полиция бошлиғи Адбул Ҳабиб Сайид Ҳил.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Сешанба куни Афғонистон президенти маъмурияти twitter орқали нобуд бўлганлар сони 115 ва жароҳат олганлар 538 кишига етганини ёзди. 7630 уй, 12 мактаб ва 17 масжид вайрон бўлган ёки жиддий зарарланган.

Президент Ашраф Ғани телевидение орқали зилзила бўлган ҳудудларда яшовчи аҳолини қутқарув ишларига ёрдам беришга чақирган.

Тоҳар вилояти маркази Толиқон шаҳрида зилзила вақти мактабдан қочиб чиқишга ҳаракат қилган қизлар ўртасида издиҳом юзага келган. Талотўпда 12 ўқувчи қиз нобуд бўлган.

Покистонда камида 248 киши ҳалок бўлган ва 1665 одам жароҳат олган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ