Туркия "Газпром"ни маҳкамага берди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Газ қувури Қора денгиз тубидан ўтади

Туркиянинг табиий газ импорти билан шуғулланувчи давлат BOTAS ширкати Халқаро Савдо палатасининг арбитраж маҳкамасига "Газпром" устидан шикоят аризаси билан мурожаат этган.

Аввалроқ Анқара ва Москва ўртасида газ нархи юзасидан музокаралар натижасиз тугаганди.

Россия ва Туркия 2014 йилда "Турк оқими"ни қуриш ҳақидаги келишув имзоланган пайт Россия гази нархини туширишга келишганди.

2015 йил 1 январидан Туркия учун газ нархи 6 фоизга туширилган, аммо кейинроқ Анқара 15 фоизгача чегирма берилишини талаб қилганди.

Феврал ойида Туркиянинг энергетика ва табиий заҳиралар вазири Танер Йилдиз 28-30 миллиард кубометр газ учун 10.25 фоиз миқдорида чегирма берилишига эришганликларини айтган, аммо бу борада қўшимча келишув имзоланмай қолиб кетган.

Март ойида томонлар яна келишувга эришишга ҳаракат қилганлар, бироқ чегирма фақат хусусий ширкатларга берилган.

Россия гази импортининг учдан бир қисми хусусий ширкатлар ҳиссасига тўғри келади.

Жорий йилнинг биринчи чорагида чегирма 25 фоизни ташкил қилган, иккинчи чоракда эса яна 15 фоиз қўшилган.

"Турк оқими" Россиянинг Оврўпо билан муносабатлари кескинлашиши манзарасида "Жанубий оқим" лойиҳасининг ўрнини эгаллаганди.

Унга мувофиқ, газ қувури Туркияга қадар Қора денгиз тубидан ўтади ва у ердан Юнонистонга узанади.

Анқара ва Москва аввалига "Турк оқими"ни 2016 йил декабрида ишга туширишни режалаганди, аммо кейинроқ бу муддат орқага сурилган.

Шу ой бошида "Газпром" раҳбари Алексей Миллер давлат ширкати "Турк оқими"нинг ярим қувватидан воз кечганини маълум қилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio