АҚШ: ўзбекистонлик шахс Россияга жосуслик жиҳозларини сотган

Фото муаллифлик ҳуқуқи US MIN OF JUSTICE
Image caption Фишенконинг ширкати светофор ишлаб чиқаришини айтиб келган

Нью-Йорк маҳкамаси ўзбекистонлик Шавкат Абдуллаев ҳамда россиялик яна икки шахсни Россияга микроэлектроник жиҳозларни ноқонуний экспорт қилишда айбдор, деб топган.

Шавкат Абдуллаев, Александр Пособилов ва Анастасия Дятловалар устидан маҳкама жараёни тўққиз ой давом этган.

Улар ишлаб келган Хьюстондаги Arc Electronics Inc. ширкати раҳбари Александр Фишенко ўз айбига иқрор бўлган ва ҳозирда маҳкама ҳукмини кутиб тургани айтилади.

2012 йилда очилган айни жиноий иш бўйича жаъми 11 киши маҳкамага жалб этилган ва уларнинг аксари аллақачон айбига иқрор бўлган.

Аммо юқорида номлари зикр этилган уч шахс айбларни рад этганлар ва маҳкама жараёнида ютқазишган.

Би-би-си Рус хизматининг Нью-Йоркдаги мухбири Владимир Козловскийнинг айтишича, АҚШ федерал маҳкамаларидаги жараёнларнинг аксарияти шу тариқа ниҳоя топади.

Маҳкама тафсилотларидан англашилишича, Хьюстон четидаги унча кўзга ташланмайдиган саноат ҳудудида жойлашган ширкат светофор ишлаб чиқаришини айтиб келган.

Аммо амалда у ҳеч нарса ишлаб чиқармаган ва фақат микроэлетроник жиҳозларни сотиб олиш ва Россияга жўнатиш билан шуғулланган.

Бу жиҳозлардан эса Россияда, жумладан, ҳарбийлар ва жосуслик хизматлари фойдаланишган.

Прокурорларга кўра, аналог ва рақамли жиҳозлар, микроконтроллер ва микропроцессорлар ҳарбий мақсадлар, жумладан, радар ва ракета тизимларида ишлатилади.

Уларнинг кўпчилиги Россиянинг ўзида ишлаб чиқарилмайди.

Айтилишича, маҳкамага тортилган Пособилов маҳсулот сотиб олиш билан шуғулланган, Дятлова савдо агенти ҳисобланган.

Ўзбекистонлик Шавкат Абдуллаев эса уларнинг нақлиёти учун масъул бўлгани айтилади.

'Стэн'

Шавкат Абдуллаевга давлат томонидан тайинланган бепул ҳимоячи Ричард Линднинг Би-би-сига айтишича, у 1978 йилда туғилган ва Ўзбекистонда олий ўқув юртини тамомлаган.

10 йил муқаддам Қўшма Штатларга келган Абдуллаев ўзини Стэн деб атайди.

У аввалига Бруклин ва Нью-Жерсида ишлаган, кейин эса Хьюстонга кўчиб бориб, 2008-2009 йилларда Фишенконинг ширкатида меҳнат қилган.

2009 йилда бир муддат ишдан бўшатилган Абдуллаевнинг 2011 йилда қайта ишга олиниб, 2012 йил октябрида қолган айбланувчилар билан бирга ҳибсга олингани айтилади.

Россия махсус хизматларига электроник жиҳозлар етказиб беришда айбланган уч шахс жиноий тил бириктириш моддаси бўйича 5 йил, экспорт ҳақидаги қонунчиликни бузгани учун эса жаъми 20 йилгача озодликдан маҳрум этилишлари мумкин.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio