Россия авиаҳалокат қурбонларига мотам тутмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Кремл узра Президент штандарти-байроғи ярим туширилган

Россия шанба куни Мисрнинг Синай оролида ҳалокатга учраган А-321 йўловчи учоғи қурбонларига мотам тутмоқда.

"Когалымавиа" ширкатига тегишли учоқнинг қулаши оқибатида 224 киши ҳалок бўлган.

Петербургда давлат байроқлари туширилган, телеканаллар кўнгилочар дастурларни бекор қилган.

Петербург черковларида қурбонларни хотирлаш маросимлари бўлиб ўтмоқда.

Би-би-си мухбирига кўра, шаҳар мотамга чўмган, аммо Мисрдан хабар кутишда давом этмоқда.

Айни пайтда Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлиги мутахассислари қутқарув амалиётларида иштирок этиш учун учоқ қулаган жойга етиб боришган.

Фаразлар

Мисрнинг Шарм аш-Шайх истироҳатгоҳидан Санкт-Петербургга йўл олган "Когалымавиа" ширкатига тегишли Airbus-A321 учоғи шанба куни эрталаб Мисрнинг Синай оролига қулаб тушган.

Ҳалокат сабаблари маълум эмас.

Учоқнинг "қора қути"си топилиб, Миср Бош прокуратурасига етказилган.

Синай оролида бир неча йилдан буён Миср ҳукумат кучларига қарши жанг қилаётган "Исломий давлат" гуруҳи Россия учоғини уриб туширганини даъво қилган.

Аммо Миср расмийлари бу даъволарни рад этишган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи abubara313
Image caption ИДнинг Россия учоғини уриб туширдик, деган даъвоси рад этилган

Миср Бош вазири Шариф Исмоилнинг айтишича, учоқ ҳалокатига, афтидан техник носозлик сабаб бўлган.

Аммо шунга қарамай, учта йирик ҳаво йўллари-Emirates, Air France ҳамда Lufthansa вазият ойдинлашгунича Синай ороли устидан учишларни тўхтатишга қарор қилган.

Мисрнинг Фуқаро авиацияси вазири Ҳоссам Камол учоқ бортида ҳеч қандай муаммо бўлмаганини айтган.

Аввалроқ Миср расмийлари кема сардори фавқулодда қўниш учун рухсат сўраганини айтишганди.

Россияда эса учувчи Сергей Трухачевнинг рафиқаси ҳалокат арафасида турмуш ўртоғи учоқнинг техник ҳолатидан шикоят қилганини айтган.

Унинг НТВ каналига айтишича, Шарм аш-Шайхдан учиш арафасида қизи отаси билан телефонда гаплашган.

"У учишдан аввал учоқнинг техник холати талабга жавоб бермаслигидан шикоят қилди",- деган деб айтган Наталья Трухачева.

Алоқа йўқолган пайт учоқ 9 километр баландликда бўлган.

Хабар агентликларининг Шарм аш-Шайх аэропортидаги номи тилга олинмаган манбаълардан иқтибос келтиришича, экипаж учоқ двигателидаги муаммолардан шикоят қилган.

Аммо Миср нақлиёт вазирига кўра, учоқнинг яроқлилик сертификати ва халқаро йўналишларда учишга рухсати бўлган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ