'Исломий Давлат даъвоси бўлмағўр гап'

Image caption Миср президентига кўра, Исломий Давлатнинг Россия учоғини уриб туширгани ҳақидаги даъволари бўлмағўр гап.

Аэробус-321 йўловчи учоғи Синай осмонида иккига бўлиниб кетган, деган фараз илгари сурилмоқда.

Кеча душанба куни эса "Когалимавиа" ширкати 224 инсон умрига зомин бўлган ўз учоғи ҳалокатига "ташқи таъсирлар" сабабчи бўлганини иддао қилганди.

Аммо Россия авиацияси мулозимлари "бирон фактга асосланмаган бу каби даъвлоларни ўртага ташлашга ҳали эрта" деб айтмоқдалар.

Негаки, олдинроқ Исломий Давлат гуруҳи Россия учоғини уриб туширганини айтган эди.

Миср президентига кўра, Синай ярим ороли тўлиқ ҳукумат назорати остида.

У, шунингдек, шошқалоқлик билан турли хулосаларга келмасдан, балки текширув ишларида қатнашиш керак, деб таъкидлади.

"Исломий Давлат учоқни уриб туширди, деган гап қуруқ ташвиқот ва Миср барқарорлиги ҳамда хавфсизлигига дарз етказади" - деди Абдул Фаттоҳ ас-Сиси.

"Менга ишонинг, бутун Синай, хусусан, ҳалокат юз берган минтақа тўлиқ назорат остида".

АҚШ жосуслик мулозимлари эса Россия учоғи ҳалокатини бирон террор амалига боғлашмаётганини, лекин айни фаразни буткул назардан соқит қилиб бўлмаслигини ҳам урғулашаётир.

2011 йили Президент Ҳусни Муборак ҳукумати ағдарилиши ортидан жангарилар Синайда бир қатор зўравонликларга қўл уришган.

Исломчи президент Муҳаммад Мурсийни 2013 йили ҳарбийлар иқтидордан кетказишаркан, ушбу минтақада жангарилик ҳужумлари янада кучайганди.

Бир йил олдин исёнкорлар ўз ҳаракатларини Синай Минтақаси, деб қайта номлашган ва Исломий Давлатга содиқликка қасамёд қилишганди.

31 октябрда Россия учоғи қулаши ортидан улар баёнот билан чиқиб, ҳалокат учун масъулиятни ўз зиммаларига олишди.

Лекин мутахассисларга кўра, айни гуруҳ тасарруфида улкан учоқни уриб туширишга қодир қуроллар йўқ.

Мисрнинг Қизил денгиз бўйидаги Шарм аш-Шайх шаҳридан осмонга кўтарилган Россия учоғи 23 дақиқадан кейин ҳалокатга учраганди.

Учоқнинг қора қутилари ҳозир ўрганилмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ