Бензема жамоадошини секс видео билан шантаж қилишда шубҳаланмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Матё Валбуэна ва Карим Бензема

Франциялик машҳур футболчи Карим Бензема бошқа футболчини секс видео билан шантаж қилишда шубҳаланмоқда.

Реал Мадрид жамоаси таркибида тўп сурувчи Бензема тун оша ҳибсда ушлаб турилгач, Версаль шаҳридаги маҳкамада пайдо бўлди.

Унинг адвокатига кўра, Бенземанинг Франция миллий жамоасидаги сафдоши Матё Валбуэнадан пул таъма қилиш ҳаракатига "ҳеч қандай алоқаси" йўқ.

Икки футболчи машғулотлар вақти уришиб қолишгани хабар қилинган.

Франция матбуотидаги хабарларга кўра, Бензема октябрь бошида Клейрфонтейндаги машғулот чоғи Валбуэнага у туширилган секс видео борлигини эслатган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Баъзи манбаларнинг француз матбуотига билдиришича, Валбуэнани шантаж қилишни режалаган кишилар Бенземанинг қариндошига боғланиб, уни шантажга қўшилишга ундашган. Бу борада полиция бирон баёнот қилмади.

Яна уч эркак киши расмий тергов остидалар. Улардан бири Валбуэнага сим қоқиб, унда видео борлигини айтган бўлган.

Прокурор идораси жаноб Бензема шантаж ҳаракати ва жиноий фитнага аъзоликда шубҳа қилиниб, расмий тергов қилинаётганини тасдиқлаган.

Франция қонунларига биноан, шубҳаланувчи шахс расмий тергов остига киритилса, уни сўнгра ҳакам текширади ва расмий айблов учун етарли далил-исбот бор-йўқлигини ҳал қилади.

Бу 27 ёшли Бенземанинг илк бор полиция терговига тушиши эмас. Ўтган йили у ва унинг жамоадоши Франк Рибери балоғатга етмаган фоҳиша билан жинсий алоқа қилишда айбланиб, оқлангандилар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Карим Бензема

  • Лион шаҳрида туғилган. Асли жазоирлик оиланинг 10 фарзандидан биридир
  • Тўққиз ёшида Лион футбол академиясига қабул қилинган
  • Профессионал карьерасини 2005 йилда 17 ёшида бошлаган
  • 2009 йилда Олимпик Лионнейз жамоасидан Реал Мадридга ўтган
  • 2007 йилда Франция миллий жамоасида илк бор тўп сурган.
  • Августда Арсеналга ўтиши хабар қилинган
  • 2014 йилда балоғатга етмаган фоҳиша билан жинсий алоқа қилишда айбланиб, оқланган

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio