Буюк Британия:"A321 учоғига парвоз олдидан бомба жойланган бўлиши мумкин"

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption "Бомба учоқнинг юкхонасига жойлаштирилган бўлиши мумкин"

Британия жосуслик хизматларига кўра, Россиянинг «Когалимавия» ширкатининг А321 учоғига портловчи ускуна парвоздан олдин жойлаштирилган бўлиши мумкин.

Би-би-сига маълум бўлишича, британиялик мутахассислар портловчи ускуна учоқнинг юкхонасида қолдирилганини тахмин қилишади.

Британия махсус хизматлари Синай яриморолида жангари исломчилар ўртасида ўзаро мулоқотларга доир маълумотларни қўлга киритишган ва айни ҳолат уларнинг учоққа бомба ўрнатилгани ҳақидаги тахминларига асос бўлган.

Ҳалокатнинг аниқ сабаблари ҳали маълум эмас.

Кремлдагилар учоқ ҳалокатига сабаблар фақат текширувлар якунида маълум бўлишини айтишган.

Президент Путиннинг сўзчиси Песковга кўра, бунгача билдирилаётган барча тахминлар нотўғридир.

Бироз олдин Британия Шарм ал-Шайх оромгоҳидан парвозларни тўхтатиб қўйди. Ҳалокатга учраган Россия учоғи айни оромгоҳдан кўкка кўтарилган.

Миср тарафи эса, учоқни ўзини "Исломий Давлат" деб атаётган жангари гуруҳ уриб туширгани борасидаги даъволарни рад қилган.

Россиялик мутахассислар бу ҳақда ҳали гапириш эрта эканини айтишганди.

Чоршанба куни Миср расмийлари ҳалокат натижасида Аirbus A321 учоғи "қора қутиси"га қаттиқ шикаст етганини билдиришганди.

Шунга қарамай, Миср Фуқаровий авиация вазирига кўра, улар қутидаги аудиоёзувларни олишга муваффақ бўлишган ва таҳлил қилиш учун текширувларга беришган.

Шанба куни Шарм аш-Шайхдан Санкт-Петербург учаётган самолёт осмонга кўтарилганидан 23 дақиқа ўтгач, Синай чўлига қулаб тушганди.

"Когалимавиа" ширкатига тегишли учоқда бўлганларнинг аксари россияликлар бўлишган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ