Халқаро Амнистия: Хитойда қийноқлар ҳамон кўп қўлланмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Other

Халқаро Амнистия ташкилоти эълон қилган янги ҳисоботга кўра, Хитой ҳукумати ислоҳотларни ваъда қилганига қарамасдан, иқрорлик кўрсатмаларини қўлга киритиш мақсадида полиция қийноқ қўллашни давом эттирмоқда.

Қийноқлар, айниқса, диссидентлар, миллий озчиликлар вакиллари ва диний ташкилотлар аъзолари сўроққа тутилаётган пайтда кўпроқ қўлланади, дейилади ҳисоботда.

Amnesty International ҳисоботи қарийб 40 хитойлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячисининг интервьюларига асосланган.

Ҳисоботда айтилишича, "тиканли дарра" ва "йўлбарс стули" деб аталадиган қийноқ усуллари кенг тарқалган ва мунтазам ишга солинади.

Фаоллар "йўлбарс стули"нинг шафатсизлигини таърифлаб беришган.

Унда тутқун оёқлари узатилиб қаттиқ боғланади, товони тагига ғишт қўйилиб ғиштлар сони кўпайтириб борилаверади.

Шунингдек, узоқ вақт давомида ухлашга рухсат берилмайди, овқат ва сувсиз қолдирилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Other

Полиция истаган иқрорни олиш учун гумондорлар пойафзал ёки сув тўлдирилган идишлар билан уриш, тепишларга дуч келади.

Хитой олий маҳкамаси қийноқларни 2013 йили расман тақиқлаганига қарамасдан, мамлакатда қийноқ амалиётларидан ҳамон кенг миқёсда фойдаланилмоқда, дея тасдиқлайдилар инсон ҳақлари ташкилотлари.

Шу йил май ойида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Human Rights Watch халқаро ташкилоти Хитойдаги қийноқ усулларига бағишланган ҳисобот эълон қилган, унда ҳам қийноқлар мунтазам ва кенг миқёсдалиги урғуланган эди.

Бунга жавобан Хитой Ташқи ишлар вазирлиги мамлакат қонунчилиги сўроқ пайтида қийноқ қўллашни тақиқлашини айтиб чиққан эди.

Хитой расмийлари қийноқ қўллаган шахс жиноий жавобгарликка тортилади, дейдилар.

Бироқ Халқаро Амнистияга кўра, адвокатларнинг қаттиқ ҳаракат қилишларига қарамасдан, қийноқлар ҳақидаги даъволар оддийгина инкор қилинади.

Халқаро Амнистия ҳисоботи Женевада Бирлашган Миллатлар ташкилоти Хитойдаги инсонлар ҳуқуқлари вазияти муҳокамасига бағишланган мажлисдан бир ҳафта олдин эълон қилинган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ