ИД: Париж ҳужумларини биз уюштирдик

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Ўзини "Исломий Давлат" деб атаган гуруҳи камида 128 инсон ўлимига олиб келган Париж ҳужумлари учун масъулиятни ўз зиммасига олди.

ИД баёноти Интернетда эълон қилинган.

Бу баёнотда ҳужумлар олдиндан режалаштирилгани, уларни худкушлик белбоғи таққан ва қўлларида қуроллари бўлган саккиз киши амалга оширгани айтилган.

ИД баёнотида айтилишча, бу ҳужумлар Франция ҳамон ўзлари учун "асосий нишон" бўлиб турганини кўрсатиш учун амалга оширилган.

Бундан олдин Франция Президенти Франсуа Олланд 13 ноябр тунидаги ҳужумларда "Исломий Давлат"ни айблаб чиқди.

Президент Олланд ушбу ҳужумларни "уруш амали" деб атаган.

Президент Франсуа Алланд айтишича, ҳужумлар Франциядан ташқарида режаланган ва ташкиллаштирилган, мамлакат ичкарисидан туриб дастакланган.

Гаровгирлик ҳодисаси, отишмалар ва портлашлар ортидан бутун Францияда фавқулодда вазият эълон қилинган, мамлакат чегаралари ёпилган.

Зўравонликлар натижасида 200 инсон жароҳатланган.

Полиция яраланганлардан 90 нафарининг аҳволи оғир эканини айтган.

Энг кўп инсон Батаклан театрида ҳалок бўлган.

Калифорниядан келган Eagles of Death Metal рок гуруҳи концерти томошабинларини бир неча қуролли шахс гаровга олган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Полиция Батаклан театрига штурм уюштирган, у ерда камида 80 инсон ҳалок бўлган.

Франция ва Олмония жамоалари ўртасидаги футбол ўйини бораётган Стад Де Франс стадиони ёнида уч портлаш эшитилган.

Полицияга кўра, Париждаги беш бар ва ресторанларга қарата ўт очилган.

Ҳужумчилардан саккиз нафари ўлдирилган.

Расмийларга кўра, ҳужумчилардан еттитаси худкушлик белбоғи билан ўзини ўзи портлатган.

Бироқ полиция ҳужумчиларнинг яна шериклари бор ёки йўқлиги номаълумлигини айтмоқда.

Париж яшовчиларига уйларидан кўчага чиқмаслик маслаҳати берилган.

Шаҳарнинг турли бўлгаларига 1500 аскар жойлаштирилган.

Франция Президенти Франсуа Олланд мамлакати ҳужум қилганларга қарши шафқатсиз курашишини айтган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Президент Барак Обама АҚШнинг Франция билан бирдамлигини айтган.

"Биз Франция билан террорчилик ва экстремизмга қарши курашда биргамиз. Бу юракни ўртайдиган вазият ва биз Америкада буни тушунамиз, чунки ўзимиз бу каби ҳолатларда бўлганмиз", деб айтган махсус телебаёнот билан чиққан Президент Обама.

Британия Бош вазири Девид Кэмерон бу ҳужумлардан ларзага тушганини айтган, Францияга ёрдам бериш учун барча имкониятларни ишга солишга ваъда берган.

Шанба ва якшанба кунларига Париж шаҳрида режаланган барча спорт мусобақалари бекор қилинган.

"Диснейлэнд-Париж" кўнгилочар парки ёпилган.

Олмония Канцлери Ангела Меркел Париж шаҳрига ҳужумлар ташкилотчиларини топишда Олмония Францияга ёрдам беради, дея ваъда қилган.

Италия Париж ҳужумлари муносабати билан хавфсизлик чораларини кучайтирган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ