Оврўподаги радикализм "пойтахти"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Моленбек аҳолиси турли этник гуруҳлардан ташкил топган.

Франса текширувчиларининг тахмин қилишларича, ўтган жума куни Парижда амалга оширилган мувофиқлаштирилган ҳужумлар Брюссел атрофидаги шаҳарчада режаланган. Моленбек шаҳрида Париждаги ҳужум қатнашчиларидан камида бир нафари яшаган.

Белгия Ички Ишлар вазири Ян Жамбоннинг айтишича, асосан ишчилар яшайдиган сокин Моленбек шаҳри "Оврўпо қитъасидаги сиёсий Исломнинг пойтахти"га айланган.

Белгия полицияси Моленбекда қатор рейдларни ўтказишган.

Би-би-сининг Newsday программаси ушбу шаҳарни яхши биладиган, Лондонда чоп этиладиган The Telegraph рўзномаси бош муҳаррири Эндрю Гиллиган билан суҳбатлашди.

Эндрю Гиллиган: Бу Брюссел ҳудудига кирувчи анчайин камбағал мавзе. Аҳолиси 100 минг киши атрофида. Улардан 25-30% мусулмонлар. Кўплаб террорчилик режаларининг манбаси ҳозирда Моленбек эканлиги айтилмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Париждаги ҳужумлардан сўнг полиция Моленбекда қатор рейдлар ўтказди.

Би-би-си: Белгия расмийлари ушбу мавзе устидан назоратни йўқотганликларини айтмоқдалар. Улар нимани назарда тутмоқдалар?

Э.Г.: Шубҳасиз, Белгиянинг баъзи минтақаларида, жумладан, Моленбекда муаммолар мавжуд. Кўплаб террорчи амаллар айнан шу ерда режалангани айтилади. Бунга фикримча, икки сабаб бор. Биринчиси, полициянинг у ерда қўли анча боғланган, чунки у ерда ноқонунуий иқтисод тизими кенг ривожланган ва аксар фаолиятлар -гиёҳванд моддалар, майда жиноят ва қурол савдоси каби амаллар ҳамиша ҳам полиция назарига тушмайди. Иккинчи сабаб, Моленбек мавзеси икки мамлакат қонунчилигига бўйсунади: Белгия ва Голландия. Бошқа томондан, мамлакат бир йил федерал ҳукуматсиз бўлди. Мамлакатда кўплаб ишларни маҳаллий ҳокимият бошқаради. Лекин, баъзи минтақаларда аксилтеррор сиёсати ва радикаллашишга қарши кураш оқсаган. Шунинг учун бу каби муаммолар айнан Брюсел атрофида урчимоқда. Ҳозирда гап фақатгина охирги Париждаги ҳужумлар ҳақида кетаётгани йўқ. Амстердамдан Парижга кетаётган поездда ўт очишга уринган, Брюсселдаги яҳудий музейида тўрт кишини ўлдирган ҳам шахслар ҳам шу мавзедан эди. Мадриддаги портлашларни уюштирганлардан бири ҳам. Хуллас, камида беш йирик террорчи амал ва яна ўнлаб кичик ҳужумларнинг илдизи шу ерга келиб тақаляпти.

Би-би-си: Бу каби ҳолат юз берганда, кўпинча хавфсизлик хизматларини айблашади. Айниқса, ҳужумчилардан бири аввалроқ хавфсизлик хизмати эътиборига тушган бўлса. Бу гал ҳам шундай бўляптими?

Э.Г.: Албатта, шунақаси ҳам бўлиб туради. Ким нимага қодир эканлигини аввалдан билиш жуда мушкул вазифа. Хавфсизлик хизмати заҳиралари чекланган. Назорат остида бўлиши керак бўлганлар эса юзлаб эмас, минглаб. Ана шу шароитда кимни назорат остида ушлаб туриш керак, кимнинг кетидан тушиш керак, деган қарор қабул қилинади. Лекин ҳамманинг ҳам орқасидан тушиш бажариб бўлмас вазифа.