Шинжон: 'Кўмир кони ҳужумига масъул 28 киши ўлдирилди'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Хитой хавфсизлик кучлари амалга оширган амалиётлар чоғи Шинжондаги кўмир конига қарши қилинган ҳалокатли ҳужум гумондорлари ўлдирилгани хабар қилинмоқда.

Бу ҳақда хабар тарқатган давлат матбуотига кўра, гумон остидаги ҳужумчиларни қидириш амалиётлари 50 кундан ортиқ вақт давом этган.

"Шинжонда 56 кунлик давомли жанглардан сўнг хорижий экстремистик гуруҳнинг қўмондонлиги остида фаолият қилган зўравон террорчи тўда йўқ қилинди. Бир шахс таслим бўлганидан ташқари, 28 каллакесар бутунлай мавҳ этилди", деб ёзган "Шинжон Дейли".

Шинжон ҳокимияти веб портали ҳам бу ҳақда хабар берган.

Бу Оқсув вилояти Соған тошкўмир конида18 сентябр куни юз берган ҳодисага алоқадор илк расмий ҳисоботдир.

Ўшанда содир этилган зўравонликларда 16 киши ҳаётдан кўз юмгани хабар қилинганди.

Сентябр ойи кон ҳужуми ҳақида биринчилардан бўлиб хабар берган "Озод Осиё" радиоси эса, ҳодисада камида 50 киши ўлдирилгани айтганди.

Ҳафта бошларида худди шу хабар манбаси полиция амалиётлари чоғи уч оилага тегишли бўлган аёллар ва болалар дохил 17 гумондор йўқ қилингани борасида хабар қилди.

Этник уйғурлар ватани ҳисобланган Шинжон тез-тез тартибсизликларга саҳна бўлади.

Ўтган 3 йилдан ортиқ вақт давомида амалга оширилган ҳужумларда юзлаб одамлар нобуд бўлган.

Хитой ҳукумати юзлаб уйғурларни зўравонликларда айблаб ўлим жазоси ёки узоқ йиллик қамоқ жазоларига ҳукм этган.

Расмий Пекин зўравонликларда Шинжон Уйғуристонини Хитойдан ажратиб мустақил давлат қуришни хоҳлаётган бўлгинчи, исломий экстремистлар айбдорлигини айтади.

Лекин, муҳожиротдаги Уйғур ташкилотларига кўра, охирги йилларда Хитой ҳукумати уйғурларнинг дини, маданий ўзлигига нисбатан зуғумни кучайтирган.

Бу эса оддий уйғурларни зўравонликка мажбур қилаяпти, дейишади уйғур фаоллари.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ