Мали: 170 одам гаровга олинган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Исломчилар қўлида 170 киши гаровда қолмоқда.

Қуролли жангарилар Radisson Blu меҳмонхонасига бостириб кириб, 140 нафар меҳмон ва 30 ходимни гаровга олишган.

Баъзи гувоҳлар жами 10 нафар қуролли жангари ҳужум қилган, деб айтишмоқда. Улар дипломатик номер қўйилган машинада кириб келганлар.

Меҳмонхона қўриқчиларига кўра, қуроллилар "Оллоҳу Акбар!" деб қичқиришган.

Кейин эса Қуръон оятларини ёддан билган тутқунларни қўйиб юборишган.

Бу меҳмонхонада аксар ғарблик ишбилармонлар туришади. Аммо ҳозир ичкарида бир неча нафар хитойлик меҳмон ҳам қамалиб қолган.

Мали - Франциянинг собиқ мустамлакаси.

Ҳозир ҳам меҳмонхона атрофини мамлакат хавфсизлик кучлари ва БМТ зобитлари қаторида Франция аскарлари ўраб олишган.

Жангарилик тарихи

Ўтган август ойида Малининг Севаре шаҳридаги ҳужумда исломий жангарилар БМТ ходимлари дохил 13 кишини ўлдиришганди.

Бундан тўрт йил бурун Исломий гуруҳлар Тимбукту, Кидал ва Гао каби шаҳарларни Туварег исёнкорлари қўлидан тортиб олишади ва у ердаги сўфий қадамжоларини бузиб, қадимий қўлёзмаларни йўқотишади.

Шу асно Мали шимолида шариат ўрнатилади.

Кейин энг йирик шаҳар - Бамакони ҳам қўлга олиш ниятларини айтишгач, Малининг собиқ мустамлакачиси бўлган Франция айни гуруҳларга қарши курашга аралашади.

Шимолий Малини Франция Исломий кучлар қўлидан тортиб олгач, назоратни БМТ ва Мали ҳукумати кучларига топширганди.

Бироқ "Ал-Қоида"га алоқаси бор, деб ишониладиган Мали жангарилари ҳамон ўз фаолиятларини тўхтатишмаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ