Мали: Барча тутқунлар озод қилинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Radisson Blu меҳмонхонасида кўпинча хорижликлар қолишарди.

"Меҳмонхонада биронта ҳам тутқун қолмади".

Мали расмийлари исломий жангарилар меҳмонхонада гаровга олган 170 кишининг ҳаммаси озод этилганини айтишмоқда.

Гаровга олиш ва қутқариш амалиётлари жараёнида жами уч киши ҳалок бўлган.

Эрталаб сохта дипломатик рақамлар осилган машинада меҳмонхонага кириб келган қуролли жангарилар "Оллоҳу Акбар!" калимасини қичқариб, у ердаги меҳмонлар ва ишловчиларни гаровга олишганди.

Кейинроқ Мали махсус кучлари АҚШ, БМТ ҳамда Франция аскарлари қўлловида қутқарув амалиётларини бошлашди.

АҚШга қарашли бу меҳмонхонада кўпинча хорижийлар қолишади.

Олдинроқ гаровга олинганлар орасида Франция ва Туркия ҳаво йўлларида ишловчи ходимлар, Ҳиндистон ва Хитой фуқаролари борлиги айтилганди.

Жангарилар Қуръон оятларини ёддан билган тутқунларни ўша заҳотиёқ қўйиб юборишгани ҳам билдирилган.

Ҳозирча жангариларга нима бўлгани ва қолган тутқунларнинг аҳволи борасида маълумотлар йўқ.

Radisson Blu меҳмонхонаси бўйича маълумот олиш учун очилган махсус телефон рақами: +33 170837437

Айни дамда, мазкур ҳужум Париждаги ўтган ҳафта содир этилган зўравонликка алоқадорми ё йўқми, деган саволлар ҳам очиқ қолмоқда.

Мали - Франциянинг собиқ мустамлакаси ва мамлакатда ҳамон Франция кучлари жойлашган.

Улар ҳатто меҳмонхонадаги тутқунларни қутқариш амалиётида ҳам қатнашганлар.

Жангарилар кимлар?

Мали шимолида мусулмонлар зич яшашади.

Маҳаллий аҳоли сўфий мусулмонлари бўлишса-да, аммо сўнгги йиллари "Ал-Қоида" тизимига алоқадор жангари гуруҳлар ҳужумлари кучайган.

Ўтган август ойида Малининг Севаре шаҳридаги ҳужумда исломий жангарилар БМТ ходимлари дохил 13 кишини ўлдиришганди.

Бундан тўрт йил бурун Исломий гуруҳлар Тимбукту, Кидал ва Гао каби шаҳарларни Туварег исёнкорлари қўлидан тортиб олишади ва у ердаги сўфий қадамжоларини бузиб, қадимий қўлёзмаларни йўқотишди.

Шу асно Мали шимолида шариат ўрнатилганди.

Кейин энг йирик шаҳар - Бамакони ҳам қўлга олиш ниятларини айтишгач, Малининг собиқ мустамлакачиси бўлган Франция айни гуруҳларга қарши курашга аралашди.

Шимолий Малини Франция Исломий кучлар қўлидан тортиб олгач, назоратни БМТ ва Мали ҳукумати кучларига топширганди.

Бироқ "Ал-Қоида"га алоқаси бор, деб ишониладиган Мали жангарилари ҳамон ўз фаолиятларини тўхтатишмаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки

BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ