Россия: "Бир учувчимиз тирик қолган"

Фото муаллифлик ҳуқуқи
Image caption Туркияга кўра, улар Россия учоғини 10 марта огоҳлантиришган, лекин руслар қулоқ солишмаган.

Россиянинг Париждаги элчиси Александр Орловнинг Europe-1 радиосига айтишича, Туркия уриб туширган Россия учоғидаги бир учувчини Сурия армияси қутқарган.

"У ҳозир Россия базасига етказилган" - деган жаноб Орлов.

Аммо Москва ҳали бу хабарни тасдиқлаганича йўқ.

Олдинроқ Россия мудофаа вазирлиги иккинчи учувчи ва зобити ўлдирилганини, аммо бир учувчи бедарак кетганини айтганди.

Туркия бир неча маротаба берган огоҳлантиришларимизни Россия учувчилари назарга олмагани учун уриб туширдик, деб айтмоқда.

Бироқ бундан ғазабга келган Москва ҳали Туркия учун оқибатлари ёмон бўлишидан огоҳлантириб, Анқара орқадан пичоқ урди, деб дағдаға қилганди.

Лекин Нато ўз аъзоси бўлмиш Туркия ёнида собит туришини урғуламоқда.

Айни дамда Ғарб ҳозир юзага келган Россия-Туркия танглиги дипломатик йўлда ҳал этилиши кераклигини таъкидлаётир.

Туркияга кўра, Россия қирувчи учоғи мамлакат ҳаво ҳудудини бузиб кирган.

Бироқ Россия президенти Владимир Путиннинг таъкидлашича, Су-24 қирувчи учоғи Сурия ҳаво ҳудуди устидан учаётган пайти ракета орқали уриб туширилган.

Қутқарувчилар қутқарилди

Уриб туширилган учоқнинг икки учувчиси ўзларини парашютдан ташлашгач, Россия тарафи уларни қутқариш учун иккита Ми-8 русумли тикучарларни жўнатган.

"Амалиёт чоғи тикучарлардан биттасига кичик ўточар қуролдан ўқлар отилган ва тикучарга зарар етган. Сўнги улар бетараф ҳудудга қўнишган" - деган Россия Мудофаа вазирлиги мулозими Сергей Рудской.

Айни амалиёт чоғи бир оддий зобит ҳалок бўлган, бироқ қутқарувчи гуруҳнинг бошқа аъзолари эсон-омон Суриядаги "Ҳумайюм" ҳаво базасига етиб олишган.

Айни дамда, Сурия исёнкорлари бу тикучар қўниши биланоқ уни аксилтанк ракетаси билан портлатдик, деб бир неча суратларни интернетга қўйганлар.

Россияга кўра, эндиликда Сурия устидан бомба ташлаётган Россия учоқлари ёнида ҳамроҳлик қилувчи қирувчилар ҳам бўлади.

Россия-Туркия

Россия ва Туркия тарихан бир неча урушларни бошидан кечирган ва улар ҳеч қачон геосиёсий ҳамкор бўлмаганлар.

Бироқ сўнгги йиллари энергия, сайёҳлик ва савдо-сотиқ бобида бу икки давлат алоқалари кучайиб келаётган эди.

Нато аъзоси бўлганидан бери ўтган ярим асрда Туркия илк бора Россия қирувчи учоғини уриб тушираркан, бунинг оқибати қандай бўлади деган савол кўпчиликни ўйлантирмоқда.

Москва аллақачон Анқарани оқибатлардан огоҳлантирди.

Президент Путин эса ҳатто Туркияни "террорчиларнинг шериги" деб ҳам атаб чиқди.

Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров эса чоршанба куни Анқарага режалаган сафарини бекор қилди.

Туркия Россия учоғига ўн марта огоҳлантириш берсак ҳам қулоқ солмади, дейишади.

Руслар эса ҳеч қандай огоҳлантириш берилмаган, деб туриб олишган.

Россия ва Туркия ўртасида ҳали аччиқ-тиззиқ гаплар ўтиб, муносабатлар бир қадар совуши табиий.

Лекин Кремль ўз дағдағасини амалга ошириб, қасос оладими ё йўқми - номаълум.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ