Ғарб Яқин Шарқда демократия бўлишини истайдими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи Spencer Platt Getty
Image caption Дунёни ўзгартирган кун

2001 йилнинг 11 сентябр ҳужумларидан кейин аксарият америкаликлар ўзларидан бир саволни қайта-қайта сўрашди.

“Нима учун улар бизни бунчалар ёмон кўришади?”

Бугун ҳам аксарият Оврўпо сиёсий арбоблари, журналистлар ва олимлар айнан шу саволга жавоб қидиришмоқда.

Нима учун ёш мусулмонлар бу қадар радикал йўл тутишмоқда.

Дин, қашшоқлик ва Ғарбнинг ташқи сиёсати каби омиллар мужоҳидлик ва ё жиҳодизм урчишига сабаб деб кўрилмоқда.

Бир нарса аниқки, Ғарб бугунги кунда “Исломий давлат” деб аталмиш жангари гуруҳга қандай жавоб қилиш бўйича аниқ стратегияга эга эмас.

Ана шу чигаллик Ғарбнинг Араб дунёсидаги демократия борасида мавқеисида бўй кўрсатади.

Ироқ истилосидан бир неча ҳафта аввал, АҚШнинг собиқ президенти Жорж Буш, агар Саддам Ҳусайн қудратдан кетса, Ироқ “ Яқин Шарқда демократия маёғи бўлади”, деб айтган эди.

Нео-консервативлар шунга ишонишар, агар имконият берилса, ироқликлар демократияни жон деб қабул қилишади, деб ўйлашарди.

Чунки айни модел собиқ Шўро таъсири остида бўлган Шарқий Оврўпо давлатларида иш берган эди.

Нима учун Яқин Шарқда ишламасин?

Аммо Ироқ нафақат Ғарб демократиясини қабул қилмади, балки фуқаролар урушига шўнғиди.

Аксарият Ғарбда бу ҳолатдан хулоса чиқаришди, яъни, демократияни куч билан татбиқ қилиб бўлмас экан...

Ироқ куч билан демократия татбиқ этиш мумкин эмаслигини исботлаган бўлса, Араб баҳори бошқа бир саволни ўртага ташлади.

Ғарб Яқин Шарқда демократия бўлишини истайдими?

Ёки демократия Яқин Шарққа нималар олиб келишидан чўчийдими?

Муборакни молиявий дастаклаш

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Бир замонлар Американинг дўсти бўлган Ҳусни Муборак

Йилларки, аксарият мужоҳидлар Ғарбнинг демократия ҳақида ваъзлари қуруқ гап эканини айтиб келишарди.

Мисрнинг собиқ президенти Ҳусни Муборакни АҚШ молия билан таъминлар эди. Нима учун?

Жазоирда 1992 йилда сайлов кечди. Парламент сайловида Ислом Қутқариш Жабҳаси муваффақият қозонди.

Армия ёрдамида исломчилар бостирилди.

Парламент сайловлари бекор қилинди.

Ғарбдаги пойтахтларда ўтирган сиёсий арбоблар эса бундан қарийб енгил тортишди.

Исломчиларнинг муваффақиятидан энг кўп қўрққан давлат эҳтимол Исроил эди.

Исроил Яқин Шарқнинг энг шаклланган демократияси бўлиши мумкин, аммо арабларнинг бу мамлакатга нисбатан нафрати демократик бир тус оладиган эса, унда қандай йўл тутилади?

Агар Яқин Шарқдаги ҳукуматлар ўз халқларининг иродасига бўйсунадиган бўлса, Исроил учун бу йирик муаммо деганидир.

Айни масала Фаластинда 2006 йилги сайлов ва Ҳамаснинг ғалабаси билан яна кун тартибига чиқди.

Исроил ҳам, Ғарб давлатлари ҳам Ҳамас билан мулоқот қилишдан бош тортишди.

Чунки Ҳамаснинг том мақсади Исроилни йўқ қилиш дейилди.

Бир неча ой ичида Ҳамаснинг сайланган вакиллари Исроил қамоқхоналарига ташланди.

Араб баҳори даври ва ундан кейин нималар рўй берди?

Image caption Баҳрайнда намойишлар бостирилди

Баҳрайн: 2011 йилда намойишлар бошланиб кетди. Халқ кўпроқ демократия ва шиаларнинг камситилишига чек қўйишни талаб қилди. Мамлакатда аҳолининг аксарият қисми шиалар бўлгани билан, давлатни суннийлар бошқаради. Подшоҳ Ҳамад намойишларни бостирди. Қўшни давлатлар армиясини мамлакатга киритди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Коҳирадаги Таҳрир майдони

Миср: Йирик оммавий намойишлар тўлқини 2011 йилда Ҳусни Муборакни қудратдан ағдарди. Мусулмон Биродарлар ҳам парламент ва ҳам президентлик сайловида ғалаба қозонди. Аммо орадан кўп ўтмай янги президент Мурсий ўзига кўпроқ қудрат олар, ҳамда анчайин исломлаштирилган конституцияни тақдим этар экан, аксарият бундан норози бўлди. Унга қарши намойишлар бошланди. Армия аралашиб, Мурсийни қудратдан мосуво қилди. Кейинги сайловда эса собиқ ҳарбий раҳбар Абдул Фаттоҳ ал Сиси ғолиб бўлди. Унинг ҳукумати Мусулмон Биродарларни террорчи ташкилот деб эълон қилди. Ташкилотнинг раҳбарлари ва аъзоларидан юзлаб мисрликларни қамоққа ташлади. Қамоққа ташланганлар орасида дунёвий ва либерал қарашларда бўлган танқидчилар ҳам бор эди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Қаддофий Блейр билан

Ливия: Аксил-ҳукумат намойишлар 2011 йил февралида бошланди. Кейинроқ қуролли исён кўтарилди. Улар қирқ йиллик раҳбар, полковник Муаммар Қаддофийга қарши эди. БМТ Хавфсизлик кенгаши “тинч аҳолини ҳимоя қилиш учун барча лозим чоралар кўрилишини” маъқуллар экан, Ғарб исёнкорларни дастаклади. Триполида исёнкорлар Қаддофийни тутдилар ва ўлдирдилар. Ундан кейинги қудрат учун талошлар, табиий заҳираларга эгалик даъволари турфа қарама-қарши исёнкор гуруҳларни саҳнага олиб чиқди. Бугун Ливия бир неча рақиб жангари гуруҳлар томонидан бўлиб олинган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Ўзини "Исломий давлат" деб атайдиган гуруҳ жангарилари

Сурия: 2011 йилда Башар ал Ассадга қарши кўча намойишлари бошланиб кетди. Намойишларнинг илк палласида Ассад режими ана-мана қулайди деган қараш кенг тарқалганди. Аммо орадан кўп ўтмай тинч намойишлар қуролли қўзғолонга эврилди. Мазҳаблар орасида қарама-қаршилик юзага келди. Ташқи кучлар аралашди. Бу кучлардан айримлари Ассадни ҳимоя қилса, бошқалари унга қарши эди. “Исломий давлат” деб аталмиш Ироқда шаклланган жангари гуруҳ эса вазиятдан фойдаланиб, Суриянинг шимолий ва шарқий ҳудудларини босиб олди. Ўн минглаб инсон қурбон бўлди, миллионлаб суриялик қочқинга айланди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Араб Баҳори ибтидоси

Тунис: Араб Баҳори 2010 йилда Тунисда таваллуд топган эди. Ўшанда ишсиз ва ёш Муҳаммад Боазизи сабзавот сотиш билан кун кўрар, ҳукумат ходимлари эса унинг бу тирикчилигини тақиқлаб қўйишди. Муҳаммад ўзини ёқиб юборди. Норозилик намойишлари бошланиб кетди. Президент истеъфо берди ва пойтахтни ташлаб чиқди. Унинг ортидан демократик йўлда президент ва парламент сайловлари кечди. Бу Тунис тарихида илк эркин сайловлар эди. Аммо сиёсий буюртма қотилликлар ва сайёҳларга қарши ҳужумлар рўй берди, шунда ҳам Тунис Араб Баҳоридан энг кўп баҳра олган давлат ўлароқ эътироф этилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи .
Image caption Бугунги Яман

Яман: Президент Али Абдулла Салеҳ қудратдан кетишга мажбур қилинган тўртинчи Араб давлатининг раҳбари бўлди. Аммо бу билан унинг таъсир кучи озайиб қолмади. У Яманда қолди. Ўзининг собиқ душманлари билан Саудия Арабистони кучларига қарши иттифоқ тузиб олди. Унинг ўрнига келган Абдраббуҳ Мансур Ҳади эса ўз қудратини мамлакатга ёйиб билмади. Яман турфа рақиб гуруҳлар томонидан бўлинди. Мамлакатда маҳаллий Ал-Қоидага лойиқ жангарилар ҳам бор.

Мусулмон Биродарлари Мисрда ғалаба қозонишини ўз қудратларига таҳдид билган Саудия Арабистон подшоҳлиги ва бошқа Араб давлатлари Ғарбни Президент Мурсийни дастакламасликка ундашди.

Миср армияси кўча намойишчилари билан биргаликда сайлов натижаларини бекор қилди.

Бу эса Ғарб, ҳамда Саудия Арабистони ва унинг иттифоқчилари учун хавфсизроқ йўлдай туюлди.

Мусулмон Биродарларига қарши бўлган бу қудратли давлатларнинг сиёсати ана шундай бир “эҳтиёткорликка” асосланди.

Ғарб қандай қилиб Мусулмон Биродарларига йўл берсин?

Кейинги сайловга қадар улар Мисрни исломий давлатга айлантирмаслиги учун ким кафолат беради?

Ана шу саволлар оғушида Ғарб эҳтимол бир ҳолатни назардан қочирди.

Ғарб ўзининг бу амали билан радикал исломчиларга ғалаба бахшида этди.

“Мусулмон Биродарларига овоз беришдан маъни йўқ, чунки уларни барибир қудратга яқин йўлатишмайди, бунинг ўрнига жангга кириш керак”, деган қараш кенг тарқалди, тарқатилди...

Аммо, бошқа томондан Тунисдаги сиёсий эврилишлар демократия ишлашига ўзига хос бир исботдир.

Мусулмон Биродарларининг тунисча кўриниши бўлган Энҳанда сайловда ғалаба қозонди ва қанчалар муросага бориб ишлаш мумкинлигини исботлади.

Аммо Тунис доим, таъбир жоиз бўлса, “чеккароқдаги бир мамлакатдир”... Миср бу ўринда беқиёс аҳамиятга эга.

Мисрда Мусулмон Биродарлари фаоллари қатори либералларнинг ҳам Президент Сисининг қамоқларига ташланиши жиҳодчилар учун айни муддао.

Айни масалалар бутун бир минтақа учун ўта муҳим аҳамиятга эгадир.

Суриядаги вазият Ғарб учун ҳам бошоғриққа айланган.

Аксарият ҳамон Ассаднинг қудратдан кетишини талаб қилмоқда, аммо бу йўлда ҳаракатлар сусайган.

Чунки ҳеч ким Ассад кетганидан кейин нима бўлади деган саволга аниқ жавоб беролмайди.

Суриядан кейин сайлов натижалари қандай бўлади?

Сунний исломчилар қудратга келишадими?

Ғарб бу воқеликка қандай муносабат қилади?

Исроилнинг қараши қанақа бўлади?

Ғарбнинг демократия талаби, аммо демократиянинг Яқин Шарқда қанақа мева беришини билмаслиги ёки бундан қўрқиши бошқа бир масалани очиқлайди.

Ғарбнинг айнан мана шу хавотирлари сабаб ҳозирга қадар Яқин Шарқда “Исломий давлат” аталмиш жангарилар ва Ал Қоида хавфи аригани йўқ...

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype – bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ