Россия ва Туркия "Совуқ уруш" таранглигига қайтмоқдами?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Россия Туркияни ИД нефтидан фойдаланишда айблаб чиқиши ортидан Турк бизнесменлари қўлга олингани ҳақида хабарлар тарқалди.

Россия ўз фуқароларини Туркияга, Туркия эса туркияликларни Россияга сафар қилишдан тийилишга чақирдилар.

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон Президент Путин билан юзма-юз кўришиб юзага келган вазиятни муҳокама этиш ниятида эканини айтди.

30 ноябр куни Париж шаҳрида глобал иқлим ўзгаришига бағишланган саммит режалаштирилган.

Бу саммитга дунёнинг 120 дан ортиқ мамлакати раҳбари бориши хабар қилинган.

Ана шу саммит доирасида Туркия президенти Россия президенти билан кўришиш истагини билдирган.

Ўз дастакловчилари билан митингда Президент Эрдўғон Россия учоғи уриб туширилганидан хафа бўлганини айтган.

"Биз бу нарса юз беришини хоҳламаганмиз. Аммо у юз берди. Умид қиламанки, бунга ўхшаган нарса бундан кейин юз бермайди", деб айтган Президент Эрдўғон.

Туркия президенти қўшимча қилишича, ўртадаги келишмовчиликни ҳал этиш йўлида Москва ҳам, Анқара ҳам ижобий ёндашувни гамойиш этмоқлари лозим.

Бундан олдин Президент Эрдўғон телефон орқали қўнғироқ қилиб Президент Путинга "тушолмаётган"нини айтган.

Россия президенти маъмурияти эса Президент Путин Президент Эрдўғон телефон қўнғироғига жавоб беришни истамаётганини билдирган.

Бунинг сабаби Президент Ражаб Тойиб Эрдўғон Россия ҳарбий учоғи уриб туширилгани учун расман кечирим сўрамагани экани айтилган.

Президент Эрдўғон эса Туркия ҳаво ҳудудига учоғи рухсатсиз киргани учун Россия кечирим сўраши керак, деган.

Жаноб Эрдўғоннинг Парижда Президент Путин билан юзма-юз кўришиш таклифига Кремл расман жавоб бермаган.

Хабар қилинишича, бу борада ҳали бир қарорга келинмаган.

24 ноябр куни Сурия-Туркия чегарасида Россиянинг Суриядаги ҳарбий базасидан парвоз қилган Су-24 ҳарбий учоғи уриб туширилди.

Туркия расмийлари учоқ Туркия ҳаво ҳудудига киргани, учувчиларнинг Туркия ҳарбийлари огоҳлантиришларига жавоб қайтармаганини айтдилар.

Россия расмийларига кўра, ҳарбий учоқ Сурия ҳудудида парвоз қилаётган бўлган.

Рўй берган ҳодисани Россия Президенти Владимир Путин "террорчиларнинг шериги томонидан "орқамизга санчилган пичоқ" деб таърифлади.

Москвадаги Туркия элчилиги биноси олдида тўпланган норози оломон элчихонага тош, тухум ва бўёқ солинган идишларни отишган.

Россия ўз фуқароларига Туркияга бормасликни маслаҳат берди.

Туркия билан визасиз тартиб бир томонлама бекор қилинди.

Шунингдек, Россия Туркияга нисбатан иқтисодий жазо чораларини киритиш ниятида эканини маълум қилди.

Россияда Туркия "Исломий Давлат" қазиб олаётган нефтдан фойда кўраётгани ҳақида даъволар ҳам тилга чиқарилган.

Бу нефт савдосидан Эрдўғон оиласи манфаатдор бўлиши мумкин, деган гап ҳам айтилган.

Буни рад этган Президент Эрдўғон, Россия билан Сурия Президенти Башар ал-Ассад бу гуруҳга ҳомийлик қилаяпти ва қурол-яроғ билан таъминлаяпти, деб чиқди.

28 ноябр куни Президент Путин матбуот котиби Дмитрий Песков айтишича, Суриядаги Россия ҳарбий учоқлари Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими остида фаолият юритади.

Бундан олдин Россия ҳарбийлари Сурия ҳудудига С-400 зенит-ракета мажмуасини жойлаштиришлари ҳақида эълон қилган эдилар.

Бу мажмуа, Дмитрий Песков сўзларига кўра, "агар яна хавфли вазият юзага келса" ишга солинади.

Шунингдек, Россия президенти матбуот котиби Россия билан Туркия ҳарбийлари ўртасида йўлга қўйилган ва бош мақсади Сурия осмонида хавфли вазият юзага келиши олдини олишга қаратилган "қайноқ линия" тўхтатилганини хабар қилган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ