Асад: “Россия ИДни жиловламоқда”

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption "Россия ИДни жиловламоқда..."

Сурия президенти Башар ал Асадга кўра, Россиянинг жанговар амалиётлари мамлакатда “Исломий давлат” деб аталмиш гуруҳнинг “кичрайиб боришига” хизмат қилмоқда.

Россия Сурияда Асадни қўллаб ҳаво ҳужумларини сентябр ойи бошлаган эди.

Асад Чех телевизиони билан суҳбатда АҚШ томонидан ҳаво ҳужумлари “Исломий гуруҳ” жангариларини тўхтатолмагани, аммо русларнинг ҳаво зарбалари иш бераётганини айтган.

Сурия президенти шунингдек, Туркия томонидан Россия учоғининг уриб туширилганини қоралаган.

Россия Суриядаги исёнкор гуруҳлар минтақаларини ҳам нишонга олаётганини айтган Башар ал Ассад, асосий мўлжал “Исломий давлат” эканини урғулаган.

Аммо ўтган ой АҚШ Россиянинг аксарият ҳаво ҳужумлари Асадга мухолиф бўлган “мўътадил мухолифат” гуруҳларига қарши қаратилганини айтган эди.

Асаднинг айтишича, АҚШ ҳаво ҳужумлари бошланганидан бери “Исломий давлат” дунё бўйлаб ўз сафига кўпроқ жангариларни жалб қилишга муваффақ бўлган.

"Россия бу жангу жадалга, террорга қарши деб аталмиш курашга қўшилганидан бери “Исломий давлат” жиловланмоқда. Ал Нусра жабҳаси ҳам, бошқа террорчи гуруҳлар ҳам...Бу бор гап. Буни фактлар кўрсатмоқда”, деб айтган Сурия президенти.

Асад Туркия томонидан Россия учоғи уриб туширилишини ҳам танқид қилар экан, ўз таъбирича, президент Эрдўғаннинг "асабини жиловлай олмаслик"да айблаган.

Унинг назарида, Россия жанговар амалиётларга кириши билан Туркиянинг Сурияга нисбатан тутган мавқеси ва манфаатларига дарз етган.

Туркия Россиянинг Су-24 русумидаги қирувчи учоғи 24 ноябр куни Сурия билан чегарага яқин минтақада уриб туширганди.

Ҳодисада учоқнинг икки учувчисидан бири қурбон бўлган, парашютда пастга сакраган икковлонни қутқариш амалиёти жараёнида яна бир россиялик денгиз десантчиси ҳам ҳалок бўлганди.

Қурбон бўлган учувчининг жасади эса, якшанба куни Россияга етказилганди.

Айни шу ҳодиса ортидан бор-йўғи саноқли кунлар ичида бу икки давлат ўртасидаги алоқаларга жиддий дарз етган.

Шанба куни Россия президенти Владимир Путин Туркияга бир қатор жазо чоралари киритишга доир фармойишга имзо чекканди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ