Арманистон парламент бошқарувига ўтади

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Президент Саркисян референдумни қўллаб-қувватлаган

Арманистонда якшанба кунги референдумда овоз берганларнинг аксарияти парламент бошқарувига ўтишни маъқуллашган.

Дастлабки натижаларга кўра, овоз берганларнинг 63ю35 фоизи ёки 825 минг киши конституциявий ислоҳотлар лойиҳасини қўллаб-қувватлаган.

Марказий сайлов комиссияси раиси Тигран Мукучяннинг айтишича, овозларни санаш жараёни ниҳоясига етган.

Арманистон қонунлари бўйича, овоз берганларнинг 50 фоиздан кўпи маъқуллагани тақдирда референдум кун тартибидаги масала қабул қилинган бўлади.

Бунда рўйхатга олинган сайловчиларнинг камида чорак қисми иштирок этиши керак.

Расмийларга кўра, референдумда қатнашганлар сони 50 фоиздан ошган.

Референдумнинг ниҳоий натажилари келаётган якшанба куни эълон қилинади.

Октябр ойида Арманистон парламенти президент бошқарувидан парламент бошқарувига ўтишни назарда тутувчи конституциявий ислоҳотлар лойиҳасини маъқуллаган.

Референдум ташаббуси иқтидордаги Республика партиясидан чиққан, уни президент Сарж Саркисян қўллаб-қувватлаган.

Ислоҳот тарафдорларининг айтишларича, ўзгаришлар мамлакатдаги сиёсий вазиятни барқарорлаштиришга хизмат қилади.

Мухолифат эса унга қарши чиққан.

Мухолифат назарида парламент бошқарувига ўтишдан асосий мақсад 2018 йилда иккинчи муддати тугаши кутилаётган жорий президент Саркисяннинг бош вазир сифатида ҳокимиятда қолишини таъминлашдир.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio