Туркия Россияни иғвогарликда айблади

Фото муаллифлик ҳуқуқи NTV
Image caption Суратда Россия аскари елкасида зенит-ракета комплексини ушлаб турганини кўриш мумкин

Туркия бортида Россия аскари кўчма зенит-ракета комплексини ушлаб тургани акс этган рус ҳарбий кемасининг суратларидан норозилик билдирган.

Босфор бўғозидан ўтаётган кемадаги ракета ташқаридан қараганда "Игла" зенит-ракета комплексига ўхшайди.

Ташқи ишлар вазири Мавлуд Човушўғли ҳодисани "иғвогарлик" деб атаган.

"Ҳарбий кемаларнинг Босфор бўғозидан қандай ўтиши кераклиги ҳаммага аён, бу Монтре конвенциясида ёзиб қўйилган. Россия Федерацияси аскарининг қўлидаги нарсани биз эҳтимолий таҳдид, ҳодисанинг ўзини эса иғвогарлик деб баҳолаймиз", деган Човушўғли якшанба куни журналистлар билан суҳбатда.

Россия-Туркия алоқалари 24 ноябр куни туркларнинг F-16 қирувчи учоғи Туркия-Сурия чегарасида Росиянинг СУ-24 бомбардимончи учоғини уриб тушириш ортидан таранганлашган.

Расмий Анқара рус учоғи Туркия ҳаво ҳудудидини бузиб кириши ортидан уриб туширилганини айтган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption "Цезарь Куников" ҳарбий кемасининг суратлари Туркия матбуотида эълон қилинган

Москва эса учоқ чегарани кесиб ўтмаганини уқтириб келади.

Ҳужумга жавобан Россия Туркияга қарши иқтисодий жазо чораларини киритган ва 1 январдан бошлаб икки давлат ўртасидаги визасиз борди-келдини бир томонлама бекор қилган.

"Цезарь Куников" ҳарбий кемасининг суратлари Туркия матбуотида эълон қилинган.

Унда Россия аскари елкасида зенит-ракета комплексини ушлаб турганини кўриш мумкин.

"Агар Россия кемасидаги аскар ракета комплекси ва ё ҳаводан мудофаа қилувчи ракетага ўхшаш бир нарсани ушлаб турган бўлса, бу бориб турган иғвогарликдир", дея Човушўғлидан иқтибос келтирган Hurriyet рўзномаси.

Иккинчи жаҳон урушидан сўнг имзоланган шартномага мувофиқ, Туркия тинчлик даврида ҳарбий кемаларни Истанбулнинг Оврўпо ва Осиё қисмларини ажратиб турадиган Босфор бўғозидан ўтказишга мажбур.

Россиянинг Қора денгиз флоти учун ушбу бўғоз Ўрта Ер денгизи ва ундан уммонга чиқишнинг ягона йўли ҳисобланади.