Сурия: Исёнкорлар Ҳомсни тарк қилишмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Ҳомс Президент Ассадга қарши илк норозилик чиқишларига саҳна бўлганди

Сурия фаоллари ва кузатув гуруҳларига кўра, Ҳомс шаҳридаги исёнкорлар ҳукумат билан эришилган оташкесим битими остида ўз назоратларида қолган охирги мавзедан чиқиб кетишмоқда.

Келишув бутун шаҳар ҳукумат қўлига ўтишини англатади.

Ҳомсни тарк этаётганлар Идлиб вилояти ҳудудига кўчишаётгани хабар қилинади. Идлиб ҳамон исёнкорлар қўлида қолмоқда.

Сурия марказида жойлашган Ҳомс бир пайтлар "инқилоб пойтахти" саналган ҳамда 2011 йил Президент Башар ал Ассадга қарши илк норозилик чиқишларига саҳна бўлганди.

Чоршанба куни жангчилар ва уларнинг оилаларини Ҳомснинг ал-Вайр мавзеидан олиб кетиши учун автобуслар ташкил қилинган.

Сурия Инсон ҳақлари кузатув марказига кўра, исёнкорлар ва оддий фуқаролар дохил 800 нафарга яқин одам кун давомида шаҳарни тарк қилиши лозим.

Ҳомсдан чиқиб кетаётганлар орасида "Ал-Қоида"га алоқадор жангчилар борлиги, аммо оташкесимни қабул қилган гуруҳлар шаҳарда қолишлари қўшимча қилинади.

БМТ ҳомийлигида эришилган келишувга биноан ал-Вайрга қарийб бир йил асносида илк бор озиқ-овқат ёрдами етказилган.

Сурия Қизил Хоч ташкилоти араб тилида ёрдам гуруҳлари ҳудудда фаолият қилаётганлари борасида твит қолдирган, бироқ у ердаги аҳвол ҳақида жуда оз маълумот мавжуд.

Музокаралар давомида Сурия ҳукумати Ҳомсда ушланган 35 нафар мухолифат жангчисини озод қилган.

"Биз энг яхши нарсани тилаймиз", дейди шаҳар яшовчиларидан бири.

Ал-Вайрда ҳисоб-китобларга кўра, 75,000 инсон истиқомат қилади. Сурия инқирози бошланмасдан олдин у ердаги аҳоли сони 300, 000 бўлгани айтилади.

Айрим Сурия фаоллари оташкесим битимини қамал билан жазолаб эришилган келишув дея даъво қилишган.

Бошқалар эса, ал-Вайр устидан эришилган келишув айрим гуруҳларга қурол-яроғларини сақлаб қолиш ва ўз жамоалари устидан назорат қилиш имконини бериши айтишмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ