БМТ Хитойдаги қийноқларни қоралади

Фото муаллифлик ҳуқуқи
Image caption Қийноқ "қуроллари"

БМТ Хитой қамоқхоналарида қийноқлар кенг қўлланилиши ҳолатларига чек қўйиш даъвати билан чиқди.

Шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хитойни мамлакатдаги барча махфий қамоқхоналарни ёпишга чақирган.

БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси Хитойдан инсон ҳуқуқлари фаоллари ва ҳуқуқ ҳимоячиларига қарши ҳукумат тазйиқларини зудлик билан тўхтатишини талаб қилган.

Бу ҳисобот чиқарилишидан аввал, БМТ қўмитаси Хитой ҳукуматининг йирик гуруҳи билан икки кунлик учрашув ўтказган.

Айни ҳисоботда Пекинга бир йил муддат берилиши айтилган.

Бир йил ичида Хитой БМТнинг қийноқларга қарши конвенциясида кўрсатилган асосий моддаларни ҳаётга тадбиқ этиши керак бўлади.

Қўмита Хитой “жиноий жазо тизимига чамбарчас боғланиб кетган қийноқлар” ҳақидаги хабарлардан хавотирларини изҳор этади. Айни тизим, ҳисобга кўра, қийноқлар оқибатида кўрсатмаларга асосланиб ҳукмлар чиқаради.

2008 йилдан бери илк бор ўтган бу учрашувда Хитой мамлакатда сиёсий маҳбуслар борлигини инкор этган, қийноқлар эса тақиқланганини урғулаган.

БМТ қўмитасида ўн нафар мустақил мутахассис ишлайди.

Қўмитага кўра, июл ойидан бери Хитойда 200 адвокат ўзига хос қуршовда, уларнинг 25 нафари эса ҳибсда сақланмоқда.

Айни пайтда БМТ қўмитасидагилар Хитой қамоқхоналарида ўлим ҳолатларининг кўплигидан ҳам ташвиш билдиришган.

Қўмита аъзоларидан бири Хитой делегацияси билан учрашув чоғида сўроққа тортилганда ишлатиладиган махсус ўриндиқлар борасида хавотир изҳор этган.

Айни ўриндиқларда маҳбуслар оғриқли шаклда соатлаб ўтиришга мажбур қилинадилар.

Хитой томони эса айни ўриндиқлар маҳбуслар ўзларини жароҳатлаб қўймасликлари учун ишлатишини айтган.

Хитой томони махфий қамоқхоналар мавжудлигини ҳам рад этишган.

Ташқи ишлар вазирлиги мулозими эса “сўнгги йиллар Хитой қонун устиворлиги йўлида улкан ўзгаришлар қилгани ва улар орасида қийноқларга қарши чоралар ҳам борлигини” айтган.

Қийноқлар кенг тарқалган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty Images
Image caption Қийноқларга қарши намойишдан саҳна

Ўтган ой Халқаро Амнистия ташкилоти эълон қилган янги ҳисоботга кўра, Хитой ҳукумати ислоҳотларни ваъда қилганига қарамасдан, иқрорлик кўрсатмаларини қўлга киритиш мақсадида полиция қийноқ қўллашни давом эттирмоқда.

Қийноқлар, айниқса, диссидентлар, миллий озчиликлар вакиллари ва диний ташкилотлар аъзолари сўроққа тутилаётган пайтда кўпроқ қўлланади, дейилади ҳисоботда.

Amnesty International ҳисоботи қарийб 40 хитойлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячисининг интервьюларига асосланган.

Ҳисоботда айтилишича, "тиканли дарра" ва "йўлбарс стули" деб аталадиган қийноқ усуллари кенг тарқалган ва мунтазам ишга солинади.

Фаоллар "йўлбарс стули"нинг шафатсизлигини таърифлаб беришган.

Унда тутқун оёқлари узатилиб қаттиқ боғланади, товони тагига ғишт қўйилиб ғиштлар сони кўпайтириб борилаверади.

Шунингдек, узоқ вақт давомида ухлашга рухсат берилмайди, овқат ва сувсиз қолдирилади.

Полиция истаган иқрорни олиш учун гумондорлар пойафзал ёки сув тўлдирилган идишлар билан уриш, тепишларга дуч келади.

Хитой олий маҳкамаси қийноқларни 2013 йили расман тақиқлаганига қарамасдан, мамлакатда қийноқ амалиётларидан ҳамон кенг миқёсда фойдаланилмоқда, дея тасдиқлайдилар инсон ҳақлари ташкилотлари.

Шу йил май ойида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Human Rights Watch халқаро ташкилоти Хитойдаги қийноқ усулларига бағишланган ҳисобот эълон қилган, унда ҳам қийноқлар мунтазам ва кенг миқёсдалиги урғуланган эди.

Бунга жавобан Хитой Ташқи ишлар вазирлиги мамлакат қонунчилиги сўроқ пайтида қийноқ қўллашни тақиқлашини айтиб чиққан эди.

Хитой расмийлари қийноқ қўллаган шахс жиноий жавобгарликка тортилади, дейдилар.

Бироқ Халқаро Амнистияга кўра, адвокатларнинг қаттиқ ҳаракат қилишларига қарамасдан, қийноқлар ҳақидаги даъволар оддийгина инкор қилинади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз -telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ